TGViewer
Қора қалам Қора қалам @qoraa_qalam · 252 subscribers
Post #616 199
#taqriz
«ҚИМОРБОЗ»
Ваъда қилинганидек, бугун «Қиморбоз» романига, шу баҳона озгина бўлса ҳам Достоевский ижодига тўхталиб ўтмоқчиман.
Ўрис ёзувчиси Фёдор Михайлович Достоевский билан «илк танишув» талабалик йилларимда бўлган. Адабиёт назариясидан домламиз Муҳаббат Шарафиддинова берган мажбурий адабиётлар рўйхатида Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романи ҳам бор эди. 1821 йил Москвада, камбағал шифокор оиласида туғилган ёзувчининг ҳаёти ҳам асарларидаги каби драматик ва тўсиқларга тўла бўлган.
Отаси унинг тарбиясида қаттиққўл, онаси эса диндор ва меҳрибон эди. Онасидаги диндорликнинг таъсирини Достоевский асарларидаги персонажларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, ўзим ўқиганим асарларда Соня («Жиноят ва жазо»), князь Мишкин («Телба») образлари орқали маънавий нажотга дин орқали эришилишини таъкидлаб ўтади. Ҳатто «Қиморбоз»да қимор ўйналаётган ҳолатни ёзувчи гўё «иблис васвасаси»га қиёслагандек бўлади.
Достоевский 1849 йили «Петрашевчилар тўгарги»да иштирок этгани учун ҳибсга олинади. Ҳукуматга қарши фикрлар тарқатишда айбланган ташкилот фаоллари қўлга олингач, улар қатори Достоевский ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинади. Лекин бир нечта сўзи ўтадиган кишининг аралашуви билан сўнгги онларда ҳукм бекор қилиниб, 4 йиллик сургун билан алмаштирилади.
Омск қамоқхонасида ўтган 4 йил унга қаттиқ таъсир қилади. У ерда маҳбуслар билан инсон руҳининг энг паст ва энг олий даражаларини кўради. Шундай шароитда унинг диний қарашлари яна уйғонади, бу ҳиссиёт эса унинг кейинги асарларига кучли таъсир кўрсатади. Раскольников руҳиятини моҳирона очиб берилгани ҳам ўша қамоқда кўрган, эшитган хотираларнинг хосиласи бўлса ажаб эмас.
Энди бевосита «Қиморбоз» романи ҳақида тўхталиб ўтсак. Бу асар нафақат Достоевский ижодида, балки унинг шахсий ҳаётида ҳам алоҳида ўрин тутади. Романнинг асосий воқеалари ва қаҳрамонларида ёзувчининг ўзи ва ҳаётидан тўғридан-тўғри олинган жиҳатлар жуда кўп.
Достоевский сургундан Петербургга қайтгач, қиморга бўлган муҳаббати сабаб катта қарзга ботади. Қарзларини тўлаш учун эса пул керак эди. 1866 йили у бўйнидаги қарзларини тўлаш учун нашриёт билан шартнома тузади. Шартномага кўра у бир ой ичида янги романни ёзиб топшириши керак эди. Агар келаси ойнинг 1 ноябрига қадар 1 та роман ёза олмаса, нашриётга 9 йил давомида ёзган барча асарининг муаллифлик ҳуқуқи берилар эди. Муддат жуда қисқа бўлгани учун у ёш машинкачи Анна Сниткина билан ишлайди. Кейин у аёл Достоевскийнинг рафиқасига айланади.
«Қиморбоз» 26 кун ичида ёзиб тугатилади (Бир ойдан бери битта мақолани эплаб ёзолмаётганимга кўра бу битта асар учун жуда қисқа муддат менинг назаримда 😁).
Достоевский учун энг муҳим мавзу – инсон руҳиятининг чуқур қатламлари. У қаҳрамонларини доимо «ички суд» олдида қўяди. Бу хусусиятнинг унинг ҳамма асарида кўриш мумкин. «Қиморбоз» ҳам бундай хусусиятлардан холи эмас.
Асосий қаҳрамон – Алексей Иванович, бир рус князининг хонадондаги ўқитувчи. У Полина Александровнага ашаддий ошиқ ва унинг ишончига кириш учун қимор ўйнамоқчи бўлади. Қимор уни тобора чуқурроқ ботқоққа тортади. Асар охирида Алексей катта пул ютади, лекин унинг ҳаётида ҳам, муҳаббатда ҳам бу бойлик бахт олиб келмайди. У «эркин одам» бўлиш учун қимор ўйнайди, лекин амалда қимор унинг иродасини ўғирлайди. Бу ерда Достоевский ўзи ҳам бошидан кечирган қиморга қарамлик фожиасини кўрсатади. Асардаги барча қаҳрамон пул учун яшайди ёки пулга боғланган. Пул уларнинг шахсиятини ўзгартиради, ҳақиқий қийматларни йўқотади.
«Қиморбоз» – фақат бадиий асар эмас, балки Достоевскийнинг ўзи билан ҳисоб-китоби. У қиморга бўлган қарамлик, эҳтирос одамни қандай йўқ қилишини, киборлар жамиятидаги «эркинлик» иллюзияси қандай аянчли эканини очиқ ва оғриқли шаклда тасвирлаб беради.
Асарда яна бир персонаж бор – Антонида Васильевна Тарасевичева, Полинанинг бувиси. Бу кампир мисолида Достоевский инсон неча ёшда бўлишидан қатъи назар, эҳтирос ва омад хаёлоти уни қул қилиши мумкинлигини моҳирона очиб берган. Тўлиқроқ ёзай десам чўзилиб кетар экан. Балки кейинроқ яна алоҳида тўхталармиз.

✍🏽@qoraa_qalam
  • 🔥 8
  • 👍 5
More from @qoraa_qalam
  1. Oct 5, 2026#fikr Тунов куни устозларимиздан Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг фейсбукдаги саҳифаларида До…
  2. Oct 4, 2026#ўйларим Ўтди даврон, кетди карвон. Энди карвонлар қайдадир... Биз эса ўша бекатдамиз – Ки…
  3. Oct 3, 2026📚 «Hilol-Nashr» 15 ёшда! 🎙 Маҳмуд Маҳкамдан табрик 🎉 10 октябр куни соат 14:00 да «Hilo…
  4. Oct 3, 2026#маълумот ЭНГ КИЧИК МУАЛЛИФ Адабиёт тарихида жуда қизиқ ва ноодатий ҳолатлар талайгина. Тў…
  5. Oct 2, 2026«Болалик хотираларим» асарининг 1963 ва 1995 йилда чиққан нашридан. ✍🏽@qoraa_qalam
  6. Oct 2, 2026#mulohaza Хайрулла Ҳамидов бир интервьюсида Саид Аҳмаддан иқтибос келтириб, мустақилликдан…
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →