TGViewer
Қора қалам Қора қалам @qoraa_qalam · 252 subscribers
Post #1106 73
#mulohaza
     Хайрулла Ҳамидов бир интервьюсида Саид Аҳмаддан иқтибос келтириб, мустақилликдан кейин ҳамма муаллифлар эски ёзган нарсаларини таҳрир қилишни бошлаганларини, «Жимжитлик» тамоман ўзгариб кетганини, фақат Ўткир Ҳошимов ҳеч қайси асарини ўзгартирмай, тузумдан тузумга ўта олганини эслаб ўтган эди. Ўша пайтда ҳаёт бўлган ёзувчи-шоирларни тушуниш мумкин, асарининг кейинги «ҳаёти»ни асраб қолиш учун ўзгартириш киритгани оддий ҳолдир. Лекин яна бир қизиқ ҳолатга дуч келдим.
     Кўпчилигимизга Ойбекнинг «Болалик хотираларим» асари таниш. Келинг, шу асарнинг 1963 йил «Ёш гвардия» нашриёти ҳамда мустақилликдан кейин, 1995 йили «Ғафур Ғулом» нашриёти томонидан чиқарилган нашрларидан бир кичкина парчани келтирсак:
 
    
«– Қани, ўғлим, кечаги чўпчакни айт! Жуда яхши чўпчак-да, – қистайди мени бобом.
     Айтмагунимча қўйиб юбормаслигини биламан-да, ёд олганим ибратли бир чўпчакни айтиб бераман. «Офарин, офарин!» дейди иккови ҳам қиҳ-қиҳ кулиб. Чол мени қўйиб юбормайди.
     – Қани, энди бир афанди айтиб берсин! – дейди бир кўзини қисиб бобомнинг ўртоғи.
     – Билади, билади. Қани, ўғлим, афандининг баққолдан мой олганини айт, – дейди орқамни қоқиб бобом.
     Мен жиндак тихирлик қилгандан сўнг тўтидай ғужиллаб бераман. Бобом қучоқлаб юзимдан ўпади. Ўртоғи соқолини селкиллатиб кулади:
     – Эсинг бажо. Илоҳим мингга кир! – дейди чол» («Ёш гвардия» нашриёти,1963 йил, 4-бет).

 
    
«– Қани, «бисмилло»ни айтиб бер! – деб қистайди.
     Айтмагунимча қўйиб юбормаслигини биламан-да, айтиб бераман. Чол мени қўйиб юбормайди.
     – «Лоилоҳа»ни айт, ўғлим!
     Буни ҳам тўтидай гужуллаб бераман. Бобом қучоқлаб, юзимдан ўпади. Ўртоғи соқолини селкиллатиб кулади:
     – Эсинг бажо. Илоҳим мулла бўл! – дейди чол» («Ғафур Ғулом» нашриёти,1995 йил, 6-бет).

 
     Шўро даврида чиққан нашрда бобоси чўпчак ва «афанди» айтиб беришни сўраган, охирида мингга кир, деб алқаб қўйган экан. 90-йиллардаги нашрда «бисмилло» ҳамда тавҳид калимасини айтишни сўраган, бобонинг дуоси ҳам «Илоҳим мулла бўл!» тарзида ўзгарган.
     Бу ерда мени қизиқтирган нарса ўзгаришнинг ўзи эмас, балки унинг сабаби.
     Ёзувчи Саид Аҳмад каби адибларни тушуниш мумкин. Мустақилликдан кейин собиқ тузум сиёсатини «ёрқин бўёқлар»да тасвирлаган асарларни қайта кўриб чиқиш, уларга ўзгартишлар киритиш имкони пайдо бўлган. Лекин Ойбекнинг 1963 йилги нашридан кейинги нашрда нега айнан шу парча ўзгарган?
     Буни Ойбекнинг ўзи кейинчалик таҳрир қилганми? Ёки асарнинг бошқа қўлёзма варианти бўлганми? Балки 1995 йилги нашрга тайёрловчилар матнга ўзгартиш киритишгандир?
     Қизиғи, 1977 йилда Ойбекнинг «Мукаммал асарлар тўплами»да чоп этилган «Болалик» матнида ҳам 1963 йилги вариант – чўпчак, афанди ва «Илоҳим мингга кир!» деган дуо сақланган. Шунинг учун масаланинг жавобини фақат «мустақилликдан кейин асар ўзгартирилган» деган тахмин билан изоҳлаш қийин.
     Агар бу ўзгаришнинг сабабини, уни ким ва қайси қўлёзма ёки нашрга асосланиб киритганини биладиганлар бўлса, изоҳларда фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашсалар, жуда миннатдор бўлар эдик.
 
✍🏽@qoraa_qalam
  • 🔥 5
  • 👍 4
More from @qoraa_qalam
  1. Oct 4, 2026#ўйларим Ўтди даврон, кетди карвон. Энди карвонлар қайдадир... Биз эса ўша бекатдамиз – Ки…
  2. Oct 3, 2026📚 «Hilol-Nashr» 15 ёшда! 🎙 Маҳмуд Маҳкамдан табрик 🎉 10 октябр куни соат 14:00 да «Hilo…
  3. Oct 3, 2026#маълумот ЭНГ КИЧИК МУАЛЛИФ Адабиёт тарихида жуда қизиқ ва ноодатий ҳолатлар талайгина. Тў…
  4. Oct 2, 2026«Болалик хотираларим» асарининг 1963 ва 1995 йилда чиққан нашридан. ✍🏽@qoraa_qalam
  5. Oct 1, 2026#tabrik Устоз деганда кўпинча мактаб ёки олийгоҳда бизга дарс берган ўқитувчиларни тушуниб…
  6. Sep 30, 2026#ўйларим Баъзан инсонни темир панжаралар эмас, ўз қалби энг мустаҳкам қамоққа ҳибс қилади.…
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →