#Бинар_дарс
🔺Ақидавий фирқалар ва фиқҳий мазҳаблар тарихи: бинар дарсда илмий таҳлил
🔺 Тошкент ислом институтида ақидавий фирқалар ва фиқҳий мазҳаблар тарихига бағишланган бинар дарс машғулоти ташкил этилди.
🔺 Институт ректори У. Ғафуров ҳамда “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси А. Ғафуров ҳамкорлигида ўтказилган машғулотда 3-курс талабалари иштирок этди.
🔺 Дарс давомида ислом тарихида ақидавий йўналишларнинг шаклланиши, уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихи илмий манбалар асосида муҳокама қилинди.
🔺Дарснинг муҳим йўналишларидан бири талабаларда адашган ақидавий фирқаларнинг қарашларини таниш, уларнинг асосий ғоялари ва далилларини таҳлил қилиш ҳамда уларга илмий асосланган раддия бериш кўникмаларини шакллантириш бўлди. Бунда турли фирқаларнинг қарашларини шунчаки ёдлаб олиш билан чекланмасдан, уларнинг қандай шароитда юзага келгани, қайси далилларга таяниши ва бу далилларга Аҳли сунна вал жамоа уламолари қандай муносабат билдирганини чуқур ўрганиш зарурлигига эътибор қаратилди.
🔺 Машғулотнинг дастлабки қисмида ислом тарихининг илк даврларида юзага келган ақидавий ихтилофларнинг сабаблари, турли фирқа ва оқимларнинг шаклланишига таъсир кўрсатган тарихий ҳамда ғоявий омиллар ҳақида маълумот берилди.
🔺 Шунингдек, Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг ақидавий масалаларга оид илмий қарашлари, турли оқимларнинг фикрларига билдирган асосли муносабатлари ва эътиқод масалаларини Қуръон ҳамда суннат асосида ёритиш анъаналари таҳлил қилинди.
🔺 Дарснинг муҳим йўналишларидан яна бири фиқҳий мазҳабларнинг шаклланиш тарихи ва уларнинг илмий-усулий асосларини ўрганишдан иборат бўлди. Хусусан, Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларининг вужудга келиши, ривожланиш босқичлари ҳамда шариат ҳукмларини далиллар асосида аниқлашда қўлланиладиган усуллар ҳақида тушунчалар берилди.
🔸Мазҳаблар ўртасидаги айрим фиқҳий фарқларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг илмий асослари ва ислом ҳуқуқшунослиги тараққиётидаги ўрни изоҳланди.
🔺 Шу билан бирга, Мовароуннаҳрда шаклланган ҳанафийлик анъаналари, Имом Абу Мансур Мотуридий илмий меросининг аҳамияти ва минтақамизда исломий илмлар ривожига ҳисса қўшган алломаларнинг хизматларига ҳам эътибор қаратилди. Ақидавий ва фиқҳий масалаларни ўрганишда мўътабар манбаларга таяниш, тарихий жараёнларни холис таҳлил қилиш ҳамда турли қарашларни илмий мезонлар асосида баҳолаш зарурлиги таъкидланди.
🔺 Машғулот давомида талабаларда диний масалаларга оид маълумотларни мустақил таҳлил қилиш, далил ва манбаларни фарқлаш, асосли хулоса чиқариш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
🔺 Шунингдек, ёшларнинг турли диний қарашлар ва замонавий ахборот оқимларига нисбатан танқидий ёндашувини ривожлантириш, уларда мустаҳкам илмий билим ҳамда соғлом эътиқодий қарашларни шакллантиришнинг аҳамияти қайд этилди.
🔺 Бинар дарснинг савол-жавоб ва ўзаро фикр алмашиш шаклида давом этгани талабаларнинг мавзуга доир билимларини мустаҳкамлаш, тарихий ва назарий масалаларни кенгроқ ўрганиш ҳамда олган билимларини таҳлилий фикрлаш орқали бойитишларига хизмат қилди.
🟢 Мазкур машғулот таълим жараёнида назарий билимларни чуқурлаштириш, талабаларнинг илмий салоҳияти ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, шунингдек, бўлажак диний соҳа мутахассисларининг ақидавий ва фиқҳий масалаларни мўътабар манбалар асосида англаш кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
📝 ТИИ Матбуот хизмати
📱 @oliymahad – диний-маърифий канал!
📱 Youtube 📱 Facebook 📱 Instagram





