Тушларда қушларга қўшилиб учдим,
Гоҳо булутларга тўш уриб учдим,
Ўнггим оғир келди, пойингга тушдим,
Тийрамоҳ, титраб оҳ чеккани келдим.
Сарбон йўл кўрсатди, ўзи кўр эди,
Гўрўғли чиқмади , оғзим гўр эди,
Жасорат унмади, манглай шўр эди,
Бағрингга бир гиёҳ эккани келдим.
Тақвим қашқирдайин умримга ўчми?
Яширин бир титроқ бўғзимга кўчди,
Кўзимда бир чироқ бор эди ўчди,
Ўзимни мен сўроқ этгани келдим.
Бир сулув қалбимга ўт қалаб ўтди,
Ҳижронга кўнувчан жон тилаб ўтди,
Лек руҳим ўтгунча ишқталаб ўтди,
Ёшимни мен гувоҳ этгани келдим.
Қабрлар қирларга туташиб борар,
Йиллар бирин-кетин қир ошиб борар,
Руҳим само сари тирмашиб борар,
Қисматдан мен йироқ кетгани келдим.
Ул туғмас қабрда сўзлар сурунгай,
Қашқирдан қочиб тан бекор урунгай,
Асли тириклигим ёлғон кўрингай,
Дор келтир, мен гуноҳ этгани келдим.
https://t.me/NajmiddinTURON
Post #1662
2.13K

- 👍 26
- 🔥 17
- ❤🔥 6
- ❤ 3
- 😭 1