Муаллифлик ҳуқуқи Исломда.
Маккаи Мукаррамадаги Ислом Фиқҳи академияси уламоларининг муаллифларнинг муаллифлик ҳуқуқларига оид баёноти.
"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Баъзи пайтларда муаллиф ўзининг бутун умрини бир фойдали китоб таълиф қилишга сарфлайди. Ва ундан фойда кўриш учун нашр қилади. Шунда бошқа бир одам келиб, ҳалиги китобдан бир нусхани олади-да, ҳозирги замонда чиққан осон воситалар орқали ё чоп қилади, ё суратга олдириб, у ҳам сота бошлайди.
Унинг сотиши, албатта, муаллифнинг йўлини тўсади, унга қарши бир одамга айлантиради, ана шунинг оқибатида ҳалиги одам ҳеч қандай таълифга аралашмасдан, заҳматини чекмасдан, бировнинг меҳнати самарасини кўришга ўтади. Баъзи бировлар бу китобни бепул тарқатишлари ҳам мумкин.
Лекин ана шу бепул тарқатиши билан унинг ўзи шуҳрат қозонади, шуҳрат қозониш йўлида эса муаллиф бечоранинг чарчагани, ҳоригани, қилган меҳнати, хатти-ҳаракатининг ҳаммасини зоега чиқаради. Мана шу фикрни ихтиро қилувчилар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Бундай нарсалар бўлаверганидан кейин илмли, заковатли, китоб таълиф қилишга, ихтиро қилишга қудрати етадиган одамларнинг ҳимматлари пасаяди.
Чунки улар ўзларининг меҳнатлари самарасини кўрмайдилар, бошқалар унинг меҳнатини қўлидан юлиб, тортиб оладилар ва ўзларининг фойдасига ишлатадилар, тижорат қиладилар, муаллифнинг йўлини тўсадилар.
Ҳолбуки, у «тижоратчилар» бу китобнинг ёки ихтиронинг дунёга келишида ҳеч нарса сарфлаганлари йўқ, буни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Замон ўзгариши билан, вазиятлар ҳам ўзгарди, янги-янги нарсалар чиқарилди, эндиликда ҳар ким ўзининг қилган меҳнатининг самарасини кўриши керак.
Муаллиф ёки ихтирочи ҳам ўзи таълиф қилган асари ёки ихтиро қилган нарсасининг ҳақдори бўлиши вожибдир. Бу ҳуқуқ ана шу муаллифнинг шаръий мулки ҳисобланади, бирор киши унга тажовуз қилмаслиги керак, унинг изнисиз кўчирмаслиги, чоп қилмаслиги, сотмаслиги керак.
Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси – китоб бўлсин, бошқа бўлсин, асосан, шариатга тўғри келадиган, залолатга бошламайдиган нарсалар бўлиши шарти билан, албатта. Шунингдек, ўша ёзилган нарсани нашр қилган ношир ҳам муаллифнинг шериги бўла олмайди, у фақат муаллиф нимага аҳдлашган бўлса, шу аҳдга ҳақли холос, бошқа нарсага ҳаққи йўқ.
Муаллифнинг изнисиз ношир китобнинг мазмунига ўзгартириш киритиши мумкин эмас ёки бирон ерини бошқача қилишга ҳаққи йўқ. Муаллифлик ҳуқуқи мерос бўлиб қолади, яъни муаллифнинг меросхўрларига ҳуқуқ ҳам мерос бўлиб қолади.
Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси халқаро шартномаларда ўз аксини топган, мана шу нарсаларнинг ҳаммасини мўмин-мусулмонлар амалга оширишлари керак, шариатга хилоф ишларни қилмаслик лозим, бу нарсаларнинг ҳаммасини жойига қўйиш вожиб ҳисобланади".
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг
“Зикр аҳлидан сўранг» китобидан.
👉
@yuristkadr