Tesla Roadster “учар” электромобилини тақдим этди
Тақдимотда оқ рангли икки ўринли автомобил катта эгри рампага кўтарилди. Кузов остидаги сўрувчи вентиляторлар ёрдамида у рампага ёпишганча бутунлай тескари ҳолатга келди. Сўнг ўрнатилган совуқ газли трастерлар ёрдамида рампадан узилиб, ҳавода айланди ва ерга қўнди.
Теsla маълумотига кўра, Roadster уч хил кўринишда чиқарилади. Икки ўринли асосий Performance версияси фаол аэродинамика ва сўрувчи тизимга эга. У соатига 97 километр (60 миля) тезликка 1,6 сониядан кам вақтда чиқади. Орқа трастерлар қўшилган Thrust версиясида бу кўрсаткич 0,9 сониягача қисқаради.
Бир ўринли Rocket эса қўшимча трастерлар ёрдамида ердан кўтарила олади. Теsla унинг тезланишини 0,59 сониядан кам деб кўрсатган. Барча версиялар учун 480 километрдан ортиқ юриш масофаси ва соатига 370 километрдан юқори тезлик ваъда қилинмоқда. Тадбирда эса автомобил 0,81 сонияда соатига 97 километрга чиққани намойиш этилди.
Roadster'нинг нархлари ҳали эълон қилинмади. Теsla сайтидаги маълумотга кўра, Performance версиясини брон қилиш учун 50 минг, Thrust учун эса 250 минг доллар тўлаш керак. Rocket фақат махсус таклиф асосида берилади. У умумий йўлларда фойдаланишга рухсат олмаган. Брон шартномасида Теsla автомобил қачон, ҳатто умуман етказиб берилишини кафолатлай олмаслиги ёзилган.
Маскнинг ўзи ҳам Roadster хавфсизлик учун оптималлаштирилган автомобил бўлиши шарт эмаслигини тан олди. Шу билан бирга, у автомобилнинг ҳамма давлатда қонуний бўлишига ишончи комил эмаслигини ҳам билдирди.
🔥 @burchakostida
Post #82422
8.63K


