Марказий банк фуқаронинг ўзи ва оила аъзолари доимий яшайдиган ягона уй-жойини кредит учун гаровга олиш масаласида тижорат банкларига янги тавсиялар берди.
Назорат органи ўз тавсиясида аввало, қарз олувчининг кредитни қайтариш имкониятини синчиклаб баҳолаш кераклигини таъкидлади.
Шундан сўнг уй-жойнинг қийматини кредит ажратишнинг асосий омилига айлантирмаслик, имкон бўлса, бошқа таъминот усулларини кўриб чиқиш тавсия этилган.
Шартнома имзоланишидан олдин мижозга кредит қайтарилмаса, ягона уй-жойга ундирув қаратилиши ва натижада уй сотилиши мумкинлиги аниқ ва тушунарли тарзда тушунтирилиши керак.
Агар фуқаро ягона уй-жойини бошқа шахс ёки тадбиркорнинг кредити учун гаровга қўйса, кредитни ўзи олмаган бўлса ҳам, қарз қайтарилмаган тақдирда унинг уй-жойига ундирув қаратилиши мумкинлигидан огоҳлантирилиши лозим.
Қарз юзага келганда, банк аввало мижознинг молиявий ҳолатини ўрганиб, кредитни қайта тузиш ёки қарзни тўлашнинг бошқа имкониятларини кўриб чиқиши тавсия этилган.
Регуляторнинг қайд этишича, мазкур тавсиялар ягона уй-жойни гаровга қўйишни тақиқламайди.
Уларнинг мақсади мижознинг тўлов қобилиятини тўғри баҳолаш, хавфларни олдиндан тушунтириш ва масъулиятли кредитлашни кучайтириш эканлиги таъкидланган.
@bankir
