TGViewer
arabic.uz (hikmatlar) arabic.uz (hikmatlar) @arabicuz · 38.1K subscribers
Post #32129 6.97K
давоми...

Сўнгра у керакли нарсаларини олиб, узоқ сафарга – Байтуллоҳ томон йўл олди. Йўл-йўлакай у ўз-ўзига гапириб борарди: «Мен кечаси маъсиятга қўл урар эдим. Бу ерда эса мусулмонлардан бир қавм мендан қўрқиб ўтирибди. Аллоҳ тавба қилишим учун мени уларнинг ҳузурига олиб келган бўлса керак. Аллоҳим! Ўзингга тавба қилдим. Тавбамнинг Байтул Ҳарамингни қўшни тутишим ила бўлишини истадим!»

Аллоҳга юзланган Фузайл ўз-ўзига зулм қилган ўтмишини ва гуноҳларга ружу қўйган пайтини эсидан чиқармади. У қанчалик Аллоҳга яқинлашса, У Зотнинг зикрини кўпроқ қилса ва сифатларини улуғласа, қалбидаги хавфи шунчалик зиёда бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққида йўл қўйган камчиликларига маҳзунлиги шунчалик ортиб борди. Хусусан, унинг ҳузурида Аллоҳ зикр қилинса ва Қуръон тиловат қилинса, бу ҳолат яна ҳам зиёда бўлар эди.
Асокир Иброҳим ибн Ашъасдан ривоят қилади: «Фузайл ибн Иёздан кўра қалбида Аллоҳ улуғ бўлган одамни кўрмадим. Қачон унинг олдида Аллоҳ зикр қилинса ёки Қуръон ўқилса, унда хавф ва маҳзунлик зоҳир бўлар эди. Унинг икки кўзидан дув-дув ёш қуйиларди. Ҳузурида турганларнинг унга раҳми келарди. У маҳзунлик ва қаттиқ фикрда бардавом эди».
   Унинг маҳзунлиги кўпинча у билан бирга бўлган суҳбатдошларига ҳам ўтарди. Фузайл ибн Иёз ўзининг оғир ўтмишини, қилган гуноҳларини ва Роббидан узоқ бўлган вақтларини эслаб, маҳзун бўлар эди. Ибодатда, парҳезкорликда, зоҳидликда ва маърифатда ўзларидан бир неча баробар устун турадиган бу одамнинг маҳзунлигини кўрган унинг ҳамсуҳбатлари ҳам маҳзун бўлар эдилар.
   Фузайл ибн Иёзга кўп мулозим бўлганлардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак: «Қачон Фузайл ибн Иёзга назар солсам, маҳзунлигим янгиланади ва ўзимни ёмон кўриб кетаман», деб туриб, йиғлаб юборар эди.
  Агар Фузайл ибн Иёз ваъз-насиҳат қилса, унинг маҳзунлиги тингловчиларнинг қалбига ўтар, уларнинг кўплари унинг ҳолига тушар эдилар. Унинг ваъзлари атрофидагиларнинг қалбларига маҳзунлик ва афсусни киритар, уларни дунё уйқусидан уйғотар, дунёга берилишдан қайтарарди.
   Ҳорун ар-Рашид Маъмунга қуйидагиларни айтган эди: «Кўзларим Фузайл ибн Иёзга ўхшаган инсонни кўрмаган. Олдига кирганимда, у менга:
«Эй мўминларнинг амири! Қалбингни маҳзунлик ва авф учун бўшат. Токи бу икки нарса қалбингдан жой олсин ва сени Аллоҳга маъсият қилишдан тўхтатсин, дўзахдан узоқлаштирсин», деди
».
  
Фузайл ибн Иёзнинг мулозимларидан бири бўлган, бир гуруҳ уламолар билан Рашиднинг даъватига биноан, унинг ҳузурига кирган Суфён ибн Уяйна шундай ҳикоя қилади: «Фузайл ибн Иёз ҳаммамиздан кейин бошини ридоси билан ўраб олган ҳолда кирди. У ўз жойига жойлашиб ўтирганидан кейин, мендан: «Ҳой Суфён! Улардан қай бири мўминларнинг амири?» деб сўради. «Анавиниси», деб ишора қилиб кўрсатдим.
  
Фузайл ибн Иёз унга назар солди ва: «Ҳой кўркам юзли! Ушбу умматнинг иши қўлида ва масъулияти бўйнида бўлган сенмисан?! Жуда ҳам катта ишни зиммангга олибсан!» деган эди, Рашид ҳўнграб йиғлаб юборди. Сўнг Рашид ҳозир бўлганларга ўн минг дирҳамли ҳамён улашди. Уларнинг ҳаммаси қабул қилиб олишди. Фақатгина Фузайл ибн Иёз олмади.
   Шунда Рашид унга: «Эй Абу Алий! Уни ўзингга ҳалол ҳисобламасанг, қарздорга берарсан, очни тўйдирарсан ёки юпунни кийдирарсан», деди. Аммо Фузайл ибн Иёз узр айтди. Кейин Рашид унга: «Қандай ажойиб зоҳидсан-а, Абу Алий!» деди.
«Сен мендан кўра зоҳидроқсан», деди у.
«Қандай қилиб?» деди.
«Мен фоний дунёдан юз ўгирганман. Сен эса боқий охиратдан юз ўгиргансан!» деди у.
Унинг ҳузуридан чиққанларида Суфён ибн Уяйна унга: «Хато қилдинг. Уни олиб, яхшилик ишларга сарфласанг бўларди», деди.
  Фузайл ибн Иёз унга: «Эй Абу Муҳаммад! Юртнинг фақиҳи бўла туриб шу хатога йўл қўясанми? Ўша нарса уларга (яъни ўша ишларга) ҳалол бўлганда, менга ҳам ҳалол бўларди», деди».
 

 Фузайл ибн Иёз ўзининг Самарқанддан Маккага қилаётган сафари давомида Бағдодга бурилди. Сўнгра у ердан Куфага ўтди. Ўша жойда бир муддат туриб, илм олди ва ҳадис эшитди. Ҳадис жамлашга ва уни ривоят қилишга ниҳоятда берилди. Жуда кўп муҳаддислардан ҳадис олди. Уларнинг ичида Аъмаш, Ато ибн Соиб, Мансур ибн Мўътамир, Ҳусайн ибн Абдурраҳмон, Муслим Аъвар, Абон ибн Абу Айёшлар бор эди.
   У киши Куфа масжидида ва бошқа жойларда илм олиш ва ҳадис эшитишда бардавом бўлди. Кейин илми ва кўп ҳадис билиши ила танилди. Ўз исмининг ишончли ровийлар рӯйхатининг бошида бўлишига эришди.
  У ҳақда Ибн Носириддин қуйидагиларни айтган: «Фузайл ибн Иёз Абу Алий Тамимий ҳарамнинг имоми, шайхулислом, катта уламоларнинг ўрнагидир. Ундан Шофеъий, Яҳё Қаттон ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. У шаъни улуғ раббоний имом, аслзода, обид ва улуғ зоҳид эди».

(Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Шахсиётун иставқафатнии» номли китобидан қисқартириб олинди).
 
*Абу Алий Фузайл ибн Иёз ҳижрий 187 (милодий 802) йилда Маккада вафот этган.
 
▫️Манба: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Хислатли ҳикматлар шарҳи” китоби, 1-жузи, 94-бет.

@arabicuz
  • 😢 62
  • ❤ 40
  • 👍 17
  • 🔥 3
More from @arabicuz
  1. Oct 8, 202614063. Шайх Нажмиддин Курдий: «Илм олиш учун қуйидагилар керак: - Нуҳнинг умри, - Айюбнинг…
  2. Oct 7, 202614062. Талаблари кўп, ташқи дабдабага ўч ва (турмушини) бошқалар билан кўп солиштирадиган…
  3. Oct 7, 2026давоми Фузайл ибн Иёз ўзининг мазкур жорияга бўлган муҳаббати ва унга боғланиши орқали йўл…
  4. Oct 7, 2026Тавба қиссалари 📜Фузайл ибн Иёз қиссаси Фузайл ибн Иёз ҳижрий 105 йилда Самарқандга қараш…
  5. Oct 7, 202614061. Одамлар бошига ташвиш ёки муаммога йўлиққанда вақтни, замонни ва кунни айблаб айтад…
  6. Oct 7, 202614060. Кимдир жуда гўзал бир гап айтган экан: «Агар Аллоҳ сенга яхшилик юборишни ирода қил…
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →