Тавба қиссалари
📜Фузайл ибн Иёз қиссаси
Фузайл ибн Иёз ҳижрий 105 йилда Самарқандга қарашли Наса номли жойда туғилган. Бу жойнинг форсча исми Дарҳи кузу бўлиб, «манн водийси» маъносини англатади.
У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. У Абювард ва Марв орасидаги тор йўлларда йўловчи мусофирларни пойлаб турар эди. Секин-аста ўша тор йўл унинг номи ила аталадиган бўлди ва у ердан ўтувчилар ҳамда карвондагиларнинг қалбига қўрқинч соладиган жойга айланди.
Йўловчилар бир-бирларига унинг тузоғига тушиб қолмаслик учун ўша ерни четлаб ўтишни тавсия қилар эдилар.
Фузайл ўзи талаб олган молларни айш-ишратга, кўнгилхушликка сарфлар, лаззатлари учун ишлатар эди. У ушбу нодонлик ҳаётининг авжида бир жорияни учратиб, уни севиб қолди ва ўзини унга бағишлади. Фурсат топиши билан унинг ҳузурига ошиқар эди. Бундай фурсатлар эса жуда оз бўларди.
Унга боғланиб қолган Фузайлнинг йўлтўсарликка, мусофирларни пойлашга ва уларни таъқиб қилишга вақти қолмади. Жориянинг ишқи унинг қалбини ром қилиб, молиявий қизиқишларини унутди. Бу ишқ ундаги зўравонлик ва ёмонлик оловини сўндириб, шу жория ҳақида фикр қилишдан бошқага ярамай қолди, куну тун фақат унга етишиш йўллари ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди.
Инсонда нафс тўзонлари тинчланса, ёмонлик ҳислари сокин бўлса, бунинг муқобилида унинг қалб тўридаги содиқ туйғулар қўзғалади. Ана шу ҳолат ўз эгасини Аллоҳга етакловчи биринчи қадамлар бўлади. Мазкур ҳисни уйғотган нарса нима бўлишининг фарқи йўқ. Шунингдек, унинг қай тарафга йўллангани ёки қай нарсага мойил бўлгани ҳам фарқ қилмайди. Чунки муҳаббатнинг йўли биттадир. Маҳбуб қандай бўлса ҳам, у йўлнинг қай тарафида турган бўлса ҳам, барибир. Энг муҳими, солик ўзига ёққан ва ўзи берилган бекатда тўхтаб қолмаса бас. Модомики, олдидаги йўл очиқ экан, у барча бекатлардан ўтиши лозим. У ўзининг ҳақиқий маҳбуби олдинда эканини билмоғи матлубдир. У ҳарчанд йўлда давом этар экан ва бекатлардан бирма-бир ўтар экан, ўз йўлини давом эттириш жозибаси уни ўзига тортаётганини ҳис қилади.
давоми бор...
@arabicuz
Post #32127
8.2K

- ❤ 42
- 😢 11
- 👍 4
- 🔥 2
- 😱 2