тадқиқот
📜Ислом тарихида ва яқин даврларда ёзилган улкан аҳамиятга
эга йирик асарлар
1. Ибн Асокирнинг «Тариху Димашқ» асари
Муаллиф: Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Асокир ад-Димашқий (499–571 ҳ.)
Арабча: تاريخ مدينة دمشق
Бу асар ҳажми жиҳатидан Ислом тарихшунослигидаги энг улкан асарлардан бири, ҳатто маълум нашрлари бўйича биринчи ўринда туради.
Ҳажми 80 жилд, 36 244 саҳифадан ташкил топган.
Муаллиф: Ибн Асокир. Дамашқ тарихи билан бирга Ислом тарихидаги жуда кўп шахсларнинг таржимаи ҳолини қамраб олади. Муҳим жиҳати: номида «Дамашқ тарихи» бўлса ҳам, бу фақат шаҳар тарихи эмас. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеинлар, муҳаддислар, фуқаҳолар, уламолар ва бошқа кўплаб тарихий шахслар ҳақида маълумотлар бор.
2. Имом Заҳабийнинг «Тарихул Ислом» асари
Муаллиф: Шамсуддин Заҳабий (673–748 ҳ.)
Арабча: تاريخ الإسلام ووفيات المشاهير والأعلام
Заҳабийнинг бу асари Ислом тарихининг энг катта биографик-тарихий манбаларидан бири.
Ҳажми 52 жилд, 31 546 саҳифадан иборат.
таҳқиқ: Умар Абдуссалом Тадмурий. Асар ҳижрий биринчи асрлардан бошлаб муаллиф яшаган давргача бўлган тарихни қамраб олади ва воқеалар билан бирга вафот этган машҳур шахслар таржимаи ҳолларига катта ўрин беради.
Шунинг учун уни оддий «тарих китоби»дан кўра тарих + табақот + тарожимнинг улкан энциклопедияси дейиш тўғрироқ.
3. Сибт ибн Жавзийнинг «Миръатуз заман» асари
Муаллифлар Юсуф ибн Қазавғлий, Сибт Ибн Жавзий (654 ҳ. вафот этган)
Арабча: مرآة الزمان في تواريخ الأعيان
Замонавий таҳқиқли нашри: 23 жилд, 11 576 саҳифадан иборат.
Асар ҳижрий илк даврлардан VII ҳижрий асргача бўлган тарихни қамрайди.
Бу ҳам умумий Ислом тарихи билан бирга шахслар таржимаи ҳолларини жуда кенг қамраб олган улкан асар.
4. Хатиб Бағдодийнинг «Тариху Бағдод» асари.
Муаллиф: Абу Бакр Аҳмад ибн Али ал-Хатиб ал-Бағдодий (392–463 ҳ.)
Арабча: تاريخ بغداد
24 жилд. Хатиб Бағдодий ва унга кейин ёзилган бир қатор завиллар бир тўпламда нашр қилинган. Асар асосан Бағдод тарихи ва унда яшаган уламолар, муҳаддислар, ровийлар ва бошқа шахсларнинг таржимаи ҳолларига бағишланган.
5. Ибн Касирнинг «Ал Бидоя ван ниҳоя» асари
Муаллиф: Исмоил ибн Умар ибн Касир ад-Димашқий (701–774 ҳ.)
Арабча: البداية والنهاية
Бу Ислом тарихининг энг машҳур умумий тарихларидан.
Қамрови Одам алайҳиссаломдан бошлаб → пайғамбарлар → Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам → хулафои рошидин → Умавийлар → Аббосийлар → муаллиф давригача. Замонавий таҳқиқли нашрларидан бирида: 21 жилд10 488 саҳифа. Бу нашрда охирги қисмлар ҳам қўшимча қўлёзмалар асосида қайта кўриб чиқилган.
Шунинг учун умумий Ислом тарихи изланаётган бўлса, «Ал-Бидоя ван-ниҳоя» энг муҳим асарлардан биридир.
6. Имом Табарийнинг «Тарихур русул вал мулук» асари
Муаллиф: Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (224–310 ҳ.)
Арабча: تاريخ الرسل والملوك
Кўпинча қисқача «Тарихи Табарий» деб аталади.
Бу асар: яратилиш ва илк тарих;пайғамбарлар, қадимги подшоҳликлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даври, саҳобалар, рошид халифалар, Умавийлар ва Аббосийлар тарихини қамраб олади ва Табарийнинг ўз давригача етиб келади.
Асарнинг ҳажми нашрга қараб кескин фарқ қилади. Масалан, қисқартирилган ва таҳқиқ қилинган «Саҳиҳ Тарих ат-Табарий» нашри 5 жилд, 2232 саҳифа қилиб чиқарилган, лекин бу аслий асарнинг тўлиқ ҳажми эмас. Аҳамияти жиҳатидан Табарий тарихини Ислом тарихшунослигининг асосий пойдеворларидан бири дейиш мумкин.
7. Ибн Халдуннинг «Китабул Ибар» асари
Муаллиф: Абдураҳмон ибн Халдун (732–808 ҳ.)
Арабча тўлиқ номи: كتاب العبر وديوان المبتدأ والخبر في أيام العرب والعجم والبربر ومن عاصرهم من ذوي السلطان الأكبر
Бу асарни оддий тарих китоби деб қараш тўғри эмас. Унда: араблар; форслар; берберлар; Шимолий Африка; Андалус; турли сулолалар; давлатлар; сиёсий ва ижтимоий жараёнлар ҳақида кенг маълумот берилган. Унинг «Муқаддима»си эса тарих фалсафаси ва жамиятшунослик нуқтаи назаридан алоҳида машҳур.
8. Ибн Асирнинг «Ал Камил фит тарих» асари
Муаллиф: Иззуддин Ибн ал-Асир (555–630 ҳ.)
Арабча: الكامل في التاريخ
Бу ҳам энг йирик умумий Ислом тарихларидан. Унда воқеалар хронологик тартибда берилган ва тарих ҳижрий 628 йилгача давом эттирилади. Айниқса Салжуқийлар, Зангийлар, Айюбийлар ва мўғуллар истилосининг бошланиши каби даврлар учун жуда муҳим манба ҳисобланади.
9. Ибн Жавзийнинг «Ал-Мунтазам» асари
Муаллиф: Абдурраҳмон ибн Али ибн Жавзий (508–597 ҳ.)
Арабча: المنتظم في تاريخ الملوك والأمم
Бу асар ҳам катта умумий тарих бўлиб, яратилишдан муаллиф давригача бўлган воқеаларни қамраб олади. Айниқса Бағдод ва Аббосийлар даврига оид маълумотлари катта аҳамиятга эга.
10. Аҳмад Шалабийнинг «Мавсуъатут тарихил исломий» асари
Муаллиф: Аҳмад Шалабий (1915–2000)
Арабча: موسوعة التاريخ الإسلامي
Бу энди замонавий даврда ёзилган йирик асарлар қаторига киради.
Манбаларда унинг 8 жилдлик нашри ҳам қайд этилган; асар Ислом тарихини бошланишидан замонавий давргача таҳлилий тарзда ёритишни мақсад қилган. Бу асарнинг муҳим жиҳати — у фақат ривоятларни жамлаш билан чекланмай, тарихий жараёнларни таҳлил қилишга ҳаракат қилади.
11. «Ал Мавсуъатул арабийятул ъаламия» энциклопедияси
Бу Ислом тарихи китоби эмас, балки араб тилидаги умумий энциклопедиядир. Унда Ислом тарихи, мусулмон халқлари, давлатлари, олимлари, маданияти ва цивилизацияси ҳақида жуда катта миқдорда маълумот қамраб олинган.
Асар 30 жилд, 16656 саҳифа, 24000 га яқин асосий мақоладан ташкил топган. Унда 1000 дан ортиқ олим, муаллиф, муҳаррир ва бошқалар иштирок этган. Шунинг учун Ислом тарихи ва цивилизациясига оид замонавий энциклопедик маълумотнома сифатида алоҳида ўрин тутади.
Лекин асарлар рўйхати бу билан якунланмайди. Замонавий ёзилган улкан асарлар давом этиб, уларнинг жамланишида кўплаб уламолар ва мутахассислар жамоалари иштирок этишган. Улардан,
1. “Кувайт Фиқҳ Энциклопедияси” — 45 жилд / 17 680 саҳифа
2. “Баянул Ислом” — 24 жилд
3. “Мавсуъатул муъжамил муфаҳрас лиалфозил ҳадисин набавий аш шарифи лил кутубис ситта” — 26 жилд / 16 113 саҳифа
4. “Шуруҳи Муватто” - Имом Моликнинг "Муватто"сига ёзилган шарҳлар энциклопедияси— 25 жилд
5. “Надратун наъими” — 12 жилд / 6 979 саҳифа, каби замонавий Исломий энциклопедияларини санаб ўтиш мумкин.
Бундан ташқари, Қуръон ва тафсирга оид йирик асарлар тўпламларини, Ҳадис ва суннатга оид улкан тўпламларни, ақида, мазҳаблар ва динлар ҳақидаги йирик энциклопедияларни баён қилиш мумкин.
@arabicuz
iOS | Android
Instagram | Facebook | Twitter | Tiktok | Youtube
Post #32108
5.64K
- ❤ 43
- 👍 26
- 😢 4
- 🤩 2
- 😱 1