Ар-Риёд аэропортига ҳужум: 12 киши ҳалок бўлди, 309 киши жароҳатланди
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги қирол Холид номидаги халқаро аэропортга 10 октябрь куни уюштирилган ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 309 киши жароҳатланди. Аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда мамлакат Фуқаро авиацияси бош бошқармаси — GACA маълумотига таяниб, Saudi Gazette хабар берди.
Ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар Саудия Арабистони, икки нафар Бангладеш ҳамда АҚШ, Миср, Иордания, Сурия, Фаластин ва Суданнинг бир нафардан фуқароси бор. Жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда, улар шифохоналарда даволанмоқда.
Ҳужум аэропорт инфратузилмасига ҳам зарар етказган. Парвозлар етказилган зарарни баҳолаш ва йўловчилар ҳамда ходимлар хавфсизлигини текшириш учун тўхтатилган.
Саудия бошчилигидаги коалиция ҳужум учун Ямандаги ҳусийчиларни айблади. Бироқ ҳусийчилар сўнгги ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ўз зиммасига олмаган.
Бу аэропортга сўнгги кунларда уюштирилган биринчи ҳужум эмас. 8 октябрдаги зарбаларда уч нафар Саудия фуқароси, жумладан, Saudia авиакомпанияси учувчиси ҳалок бўлган, самолётга ҳам зарар етган. Янги ҳужум ортидан АҚШ, Буюк Британия ва Канада дипломатик ваколатхоналари ўз фуқароларини аэропортга бормасликка чақирди.
Аэропорт маъмурияти эса йўловчиларга йўлга чиқишдан олдин авиакомпания орқали рейс ҳолатини аниқлашни тавсия қилди.
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси 9 октябрдаёқ минтақадаги кескинлик сабаб парвозлар жадвали, йўналишлар ва транзит қоидалари ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Рейслар кечикиши, йўловчилар бошқа рейсга ўтказилиши ёки сафар йўналиши ўзгариши эҳтимоли бор.
Элчихона ватандошларга Саудия–Яман чегарасига яқинлашмаслик, маҳаллий ҳокимият кўрсатмаларига амал қилиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзи билан олиб юришни тавсия этган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15531
4.7K

- ❤ 11
- 🤬 3
- 👏 1
- 😢 1