🔴Икки таълим вазирлиги бирлашди. Энди қандай ўзгаришлар кутиляпти?
Боғча, мактаб, техникум ва университетлар энди битта — Таълим ва илм-фан вазирлиги тизимида бўлади.
Шавкат Мирзиёев бугун янги вазирлик қандай ишлаши ва таълимда нималарни ўзгартириш бўйича таклифларни кўриб чиқди.
Болалар, ўқитувчилар ва талабалар учун нима ўзгариши мумкин?
— Мактаб дарсликлари янгиланади, ўқувчилар билимини баҳолаш тартиби такомиллаштирилади. Айрим мактабларда дарсларни инглиз тилида ўтиш синаб кўрилади.
— Ўқитувчиларга дарс тайёрлаш ва ўқитиш усулларини танлашда сунъий интеллект ёрдамидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
— Боғчаларда болаларнинг қизиқиши ва қобилиятини эртароқ аниқлашга эътибор берилади. Машғулот дастурлари янгиланиб, тарбиячилар малакаси оширилади.
— Техникумларда ёшлар иш берувчиларга керак бўлган касбларни ўрганиши, ўқиш билан бирга корхоналарда амалиёт ўташи учун имкониятлар кенгайтирилади.
— Университетларга кўпроқ мустақиллик бериш, талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш таклиф қилинди. Ректорларнинг натижа учун масъулияти ҳам оширилади.
— Илмий тадқиқотларнинг натижаларини амалда қўллаш, улар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги корхоналар очишга эътибор қаратилади.
Мақсад — боланинг боғчада олган билими мактабда, мактабдаги тайёргарлиги эса кейинги ўқишида давом этиши. Бунинг учун таълим босқичлари бир-бирига боғланган ҳолда ишлаши кераклиги таъкидланди.
Ҳозирча булар — муҳокама қилинган таклифлар. Уларни пухта ишлаб чиқиш топширилди.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15495
9.13K


- 👍 48
- 🔥 35
- ❤ 22
- 👏 21
- 😢 5
- 🤣 3
- 😁 1