Ургутда қурилишга яроқсиз 7 та темир-бетон ҳалқа аниқланди
Самарқанд вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси Ургут туманида қурилиш материаллари сифати бўйича мониторинг ўтказди.
Аниқланишича, Ургут туманидаги «Чеп» маҳалласида инфратузилма билан таъминлаш лойиҳаси учун етказиб берилган 7 дона темир-бетон қудуқ ҳалқаси сифат талабларига жавоб бермаган.
Текширувда ҳалқалардаги ёриқлар кенглиги 0,1 миллиметрдан ошгани маълум бўлган. Бу эса ГОСТ 8020-2016 стандарти талабларига мос келмайди.
Натижада, мазкур ҳалқаларни объектда ишлатиш тақиқланиб, уларни ҳудуддан олиб чиқиш бўйича кўрсатма берилган. Қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш учун тегишли назорат органига тақдимнома ҳам киритилган.
Энди асосий саволлар: Сифат талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар объектга қандай етиб келди? Уларни ишлаб чиқарган ёки етказиб берган масъуллар ким? Бундай ҳолатлар бошқа объектларда ҳам учрамайдими?
Қурилишда сифат — шунчаки қоғоздаги талаб эмас. У инфратузилманинг ишончлилиги, одамлар хавфсизлиги ва бюджет маблағларининг самарали сарфланиши билан боғлиқ.
Масъул ташкилотлар ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериб, кўрилган чоралар ҳақида жамоатчиликка маълумот бериши муҳим.
✅ @Samarqand_live – Юзинг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама!
Post #46085
4.43K




- ❤ 1