«БАРКАМОЛ АВЛОД» ЕТАРЛИ ЭМАСМИДИ? Ёхуд «Келажак» марказларини ташкил этиш зарурати қай даражада асосланган?
Янги ном янги натижа дегани эмас. Таълим тизимида ҳар қандай ислоҳотнинг қиймати муассаса номи билан эмас, болаларга берган имконияти билан ўлчаниши керак.
Ўзбекистонда мактабдан ташқари таълим тизимида яна бир ташкилий ўзгариш амалга оширилди. Кўп йиллар давомида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиб, уларнинг иқтидори ва қизиқишларини ривожлантиришга хизмат қилган «Баркамол авлод» болалар мактаблари негизида «Келажак» марказлари ташкил этилди.
Бу ўзгаришнинг ҳуқуқий асоси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 776-сон қарори. Ундан аввал эса 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарор билан «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолиятининг ташкилий ва ҳуқуқий асослари белгиланган эди.
Хўш, орадан тўрт йил ўтиб, аввалги тизимни янги ном ва янги ташкилий модель асосида қайта ташкил этишга қандай зарурат бор эди? Энг муҳими, бу ўзгариш болаларнинг таълим олиш имкониятларига қандай янги мазмун олиб кирди? Икки қарорни таққосласак, қандай манзара намоён бўлади?
2021 йилдаги 331-сон қарор «Баркамол авлод» болалар мактабларининг вазифалари, тузилмаси, кадрлар билан таъминланиши ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаган. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ҳужжатдаёқ робототехника, мехатроника, муҳандислик, ахборот технологиялари, дастурлаш, STEAM таълими ва иқтидорли болалар билан ишлаш каби йўналишлар назарда тутилган эди.
Демак, замонавий технологияларни болалар таълимига олиб кириш ғояси «Келажак» марказлари билан бирга пайдо бўлган эмас. Бу йўналиш «Баркамол авлод» мактабларининг ҳам вазифалари қаторида бор эди.
2025 йилдаги 776-сон қарор эса янги ташкилий моделни жорий этди. Унга мувофиқ, республика даражасидаги тегишли марказлар ва ҳудудлардаги «Баркамол авлод» болалар мактаблари негизида «Келажак» марказлари ташкил этилди.
Янги модель доирасида мактаблардаги ўқувчилар ташаббуслари, клублар, ўқувчилар кенгашлари ва мактаб маслаҳатчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш каби вазифалар ҳам белгилаб берилди.
Бу аввалги ва янги ҳужжатлар ўртасидаги муҳим фарқлардан бири. Бироқ янги вазифаларнинг белгилангани уларни амалга ошириш учун албатта алоҳида янги номдаги муассаса ташкил этиш шарт бўлганини ўз-ўзидан исботламайди.
Нега аввалги тизимни такомиллаштириш билан чекланилмади?
Албатта, ҳар қандай таълим тизими замон талабига мослашиши керак. Янги технологиялар, замонавий ўқитиш методлари, болаларнинг ўзгариб бораётган қизиқишлари ва иқтидорини ривожлантиришга қаратилган янги ёндашувлар доимий янгиланишни талаб қилади.
Аммо бундай янгиланиш учун аввалдан мавжуд муассасани қайта номлаш ва қайта ташкил этиш ягона йўл эмас.
«Баркамол авлод» болалар мактабларида ҳам янги тўгараклар очиш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, педагоглар малакасини ошириш, таълим дастурларини янгилаш ва болалар қамровини кенгайтириш мумкин эди. Агар аввалги муассасаларда замонавий йўналишларни жорий этиш учун ҳуқуқий асос мавжуд бўлган бўлса.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорида «Баркамол авлод» болалар мактабларида талабга қараб янги тўгарак очилиши мумкин эди деб киритилган эди. Демоқчимизки, аввал ҳам қўшимча тўгарак очиш учун имкониятлар берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 776-сон қарорида эса «Келажак» марказининг ташкил этилишида шунчаки мактабдан ташқари таълим сўзини ўрнига қўшимча таълим сўзига алмаштириб қўйилган холос.
Шу жумлани қўшиш учун бутун бошли тизимни ўзгартириш шартмиди?
Янги ташкилий модель аввалги тизимда ҳал қилиб бўлмайдиган қайси муаммони ҳал этиши керак эди деган саволни кимдир ўртага ташлайдими?
Бу саволга аниқ жавоб бериш учун ислоҳотдан олдинги муаммолар, уларни ҳал қилишнинг муқобил йўллари ва янги модель орқали кутилаётган натижалар очиқ кўрсатилиши керакмасмиди? Чунки ислоҳотнинг мақсади номни янгилаш эмас, таълим сифатини яхшилаш эмасми?
«Баркамол авлод»нинг тажрибаси нима бўлади?
«Баркамол авлод» болалар мактаблари фақат бинолар ва тўгараклардан иборат тизим эмас эди. Уларда педагогик тажриба, болалар билан ишлаш усуллари, шаклланган тўгараклар ва маҳаллий даражадаги алоқалар мавжуд бўлган.
Шу сабабли қайта ташкил этиш жараёнида аввалги тизимнинг самарали жиҳатлари сақланиши, малакали кадрлар тажрибаси йўқолмаслиги ва болалар учун мавжуд имкониятлар қисқариб кетмаслиги муҳим.
Янги марказлар ташкил этилгани билан иш тугамайди. Энди уларнинг фаолиятида қандай сифат ўзгариши юз бераётгани, қайси янги имкониятлар яратилгани ва аввалги тизимдаги муаммолар қандай бартараф этилаётгани кўрсатилиши керак. Акс ҳолда, ташкилий ўзгаришнинг номи янги бўлади, аммо унинг мазмуни ва натижаси бўйича жамоатчиликда саволлар сақланиб қолаверади.
Янги вазирдан бир таклиф
Таълим ва илм-фан тизимидаги янги раҳбарият «Келажак» марказлари фаолиятини ҳам алоҳида таҳлилий кўриб чиқса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунда масалани аввалдан бирор қарорни оқлаш ёки танқид қилиш учун эмас, холис баҳолаш учун ўрганиш зарур.
Жумладан, 331-сон қарор билан белгиланган вазифаларнинг қайси бири тўлиқ бажарилган, қайсиларида муаммолар сақланиб қолган? 776-сон қарор асосида жорий этилган янги вазифаларнинг қайсилари аввалги тизимда мавжуд бўлмаган? Янги ташкилий модель болаларга қандай қўшимча имкониятлар яратди?
Аввалги муассасаларнинг самарали тажрибаси ва малакали кадрлари қай даражада сақлаб қолинди? Белгиланган мақсадларга эришиш учун муассасаларни тўлиқ қайта ташкил этмасдан, мавжуд тизимни такомиллаштириш имконияти бўлганми?
Бу саволларга ҳужжатлар, натижалар ва очиқ маълумотлар асосида жавоб берилса, «Келажак» марказлари модели ўзининг амалий қийматини кўрсата олади.
Биз янгиланишга қарши эмасмиз. Аксинча, болалар таълимига замонавий ёндашувлар кириб келиши, иқтидорли ёшлар учун янги имкониятлар яратилиши ва мактабдан ташқари таълимнинг сифати ошишидан манфаатдормиз. Бироқ ҳар қандай ислоҳотда бир савол биринчи ўринда туриши керак, бу ўзгариш болаларга нима берди?
«Баркамол авлод» тизимида ҳам замонавий таълим йўналишлари ва иқтидорли болалар билан ишлаш вазифалари мавжуд бўлганини ҳисобга олсак, «Келажак» марказларини ташкил этишнинг қўшимча ташкилий зарурати ва амалий устунликларини аниқ кўрсатиш муҳим.
Янги вазирлик раҳбариятидан таклифимиз «Келажак» марказлари ислоҳотини мақсадлар, вазифалар ва натижалар кесимида қайта таҳлил қилиб, жамоатчиликка очиқ хулоса тақдим этиш.
Чунки таълимда ислоҳотнинг муваффақияти муассаса номининг ўзгаргани билан эмас, болаларнинг билим олиши, қобилиятини ривожлантириши ва келажакка тайёргарлиги қай даражада яхшилангани билан ўлчанади.
Samarqand live Самарқанд мисолида «Келажак» марказларининг бугунги фаолияти, аввалги «Баркамол авлод» марказининг афзалликлари ҳақида таҳлилий мақолаларни эътиборингизга ҳавола қилиб боради. Ўйлаймизки, Эркинжон Турдимов айнан Самарқанд мисолида бутун республикадаги «Келажак» марказларининг фаолиятини қайтадан кўриб чиқади.
✅ @Samarqand_live – Юзинг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама!
Post #46127
3.58K
- 👍 12
- ❤ 8