🇺🇿 Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан аҳолига кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар:
📍 Қорақалпоғистон Республикаси
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан 7 та тиббиёт муассасасида 2023–2026 йиллардаги пуллик тиббий хизматлар нархларининг шаклланиши ва қўлланилиши таҳлил қилинди. Айрим муассасаларда солиқ имтиёзларига қарамасдан фойда солиғи хизматлар таннархига киритилгани ва айрим хизматлар нархлари белгиланган тарифлардан оширилгани аниқланди. Оқибатда истеъмолчилардан жами 331,7 млн сўм асоссиз даромад олингани маълум бўлди.
6 та тиббиёт муассасасига нисбатан иш қўзғатилиб, асоссиз олинган 331,7 млн сўмни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди. Яна бир муассасага нархлар калькуляцияларини қайта кўриб чиқиш юзасидан хат киритилди. Кўрилган чоралар натижасида айрим пуллик тиббий хизматлар тарифларини ўртача 16,22 фоизга пасайтиришга эришилди.
📍 Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида хизматлар нархларининг шакллантирилиши ўрганилганида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 239-сон ва 722-сон қарорлари билан тасдиқланган низомлар талаблари бузилгани ҳамда бунинг натижасида истеъмолчиларга 302,2 млн сўм ортиқча ҳисобланганлиги аниқланди. Филиалга мавжуд қонунбузилишларни бартараф этиб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди.
📍 Сирдарё вилояти
Бошқарма томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти филиалида ўрганиш ўтказилди. Филиал томонидан 2025 йилда 4 790 нафарга яқин истеъмолчидан 76 млн сўмдан ортиқ асоссиз даромад олингани аниқланди.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти ҳудудий филиалида эса пуллик хизматлар нархини шакллантиришда билвосита харажатларни қайта тақсимлаш коэффициенти 38,2 фоиз ўрнига 47,4 фоиз қўлланилгани, яъни 9,2 фоизга юқори белгилангани аниқланди. Оқибатда 2024–2025 йилларда истеъмолчилардан 300 млн сўмга яқин маблағ ортиқча ундирилгани маълум бўлди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги юзасидан филиалларга нисбатан иш қўзғатилиб, ортиқча ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
‼️ Қўмита томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Telegram |Press_service| Facebook | Instagram | Youtube
