📁 Рақобат қўмитасига келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим банкларда кредит бўйича ойлик тўловдан ортиқча тўланган маблағлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмасдан, транзит ҳисобварақларда сақланиб қолмоқда. Бунинг оқибатида асосий қарз камаймай, унга фоиз ҳисобланиши давом этмоқда.
🟦 Масалан, "Ўзсаноатқурилишбанк" ва "Ҳамкорбанк"нинг кредит шартномаларида ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти аниқ белгиланган. Бироқ, амалда ушбу талаб бажарилмаётгани, ортиқча маблағлар транзит ҳисобварақда қолиб, асосий қарзга фоиз ҳисобланиши, банк мобил иловаларида кредит тўловлари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги маълум бўлмоқда.
🔴 Ваҳоланки, ортиқча тўланган маблағнинг асосий қарзга йўналтирилмаслиги ва унга фоиз ҳисобланишининг давом этиши "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун талабларига зид ҳисобланади.
🟢 Шунингдек, банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид Низомга кўра, ойлик тўловдан ортиқ келиб тушган маблағ, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит суммаси қайта ҳисобланиши лозим, банк дастурий таъминотидаги носозликлар эса истеъмолчи мажбуриятларининг ортишига олиб келмаслиги керак.
👍 Юқоридагиларга кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва интизомли кредит тўловчиларни рағбатлантириш мақсадида Қўмита томонидан Марказий банкка қуйидаги таклифлар киритилди:
🔍 жорий амалиёт ва хорижий тажриба асосида банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид Низомнинг ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш тартибини белгиловчи 37-банди талабларини истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш;
🔍 кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, муддатидан олдин тўлаш шартларини бевосита қонун даражасида, хусусан, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонун билан тартибга солиш.
✅ Хорижий тажрибада:
🇺🇸 АҚШнинг айрим банкларида мижоз иловада «Principal Only» («фақат асосий қарз учун») белгисини танлаб, ортиқча маблағни бевосита асосий қарзга йўналтириши мумкин. Россияда истеъмол кредитини муддатидан олдин сўндириш учун қўшимча ҳақ олиш назарда тутилмаган;
🇰🇿 Қозоғистонда кредит муддатидан олдин жаримасиз сўндирилади, қисман сўндиришда эса банк билан келишилган ҳолда ойлик тўлов камайтирилади ёки кредит муддати қисқартирилади.
🇪🇺 Европа Иттифоқида муддатидан олдин сўндиришда қолган муддатга тегишли фоиз ва харажатларни камайтириш ҳуқуқи белгиланган (2008/48/EC директивасининг 16-моддаси, 2014/17/EU директивасининг 25-моддаси).
Telegram | Press_service | Facebook | Instagram | YouTube
