#шеърият
Кел, ғамдан букчайган яғир елкага,
Тавба тоғин уйиб йиғлаймиз, жўра.
Сабр косамизнинг то бўғзигача,
Раҳматидан қуйиб йиғлаймиз, жўра,
Кел, бир тўйиб-тўйиб йиғлаймиз, жўра!
Қанотин ели Арш пойин супирган,
Уфқида Жибрилнинг нури гупирган,
Расулга фирдавсий нафас уфирган,
Ҳиро ғорин ўйиб йиғлаймиз, жўра,
Нурга бўкиб-тўйиб йиғлаймиз, жўра!
Кўнгил сиёҳимиз шафаққа суркаб,
Буроқфеъл руҳимиз самога буркаб,
Жоншунос Азройил қадар муқарраб,
Туйғуларни туйиб йиғлаймиз, жўра,
Ўпка тўкиб-тўйиб йиғлаймиз, жўра!
Жаллодий кунларнинг кундасин суйиб,
Парланса кўзларда булутлар куйиб,
Хилол ўроғида фалакни сўйиб,
Бошни кўкка қўйиб йиғлаймиз, жўра,
Кел, бир тўйиб-тўйиб йиғлаймиз, жўра!
Кел...
Алиф Маҳмуд
@qoraa_qalam
Post #1116
79

- 🔥 6
- 👍 5
- 😢 1