Ctrl+Z
Компьютерда хато қилсангиз, Ctrl+Z ни босасиз. Бир ҳаракат ва охирги хатони бекор қиласиз. Нотўғри ёзилган сўз ўчади. Нотўғри кўчирилган жумла аввалги жойига қайтади. Ҳатто баъзан бир неча қадам орқага қайтишнинг ҳам иложи бор.
Инсон ҳаётида ҳам шундай тугма бўлганида эди...
Бир оғиз ножўя гап айтиб қўйдингиз ‒ Ctrl+Z.
Бир инсонни хафа қилдингиз ‒ Ctrl+Z.
Ота-онангизнинг охирги суҳбатларини эшитишга сабр қилмадингиз ‒ Ctrl+Z.
Ёнингиздаги инсоннинг қадрини у борлигида билмадингиз ‒ Ctrl+Z.
Бир қарор қабул қилдингиз. У қарор эса бутун умрингизни бошқа томонга буриб юборди ‒ Ctrl+Z.
Аммо ҳаётда бундай тугма йўқ. Энг оғири баъзан инсон хатосини жуда кеч англайди. У энди кечирим сўраш мумкин бўлмаган пайтда кимнидир яхши кўрганини тушунади. Азиз инсонини бағрига босишнинг иложи йўқлигида ўзига меҳр кераклигини англайди. Энди қайтариб бўлмайдиган нарса учун пушаймон бўлади.
Инсонга хатоларини тузатиш қобилияти берилган, аммо барча хатони бекор қилиш имконияти йўқ. Шунинг учун баъзи нарсаларни кечиктирмаслик керак.
«Кейин изҳор қиламан» деган меҳрни.
«Кейин қўнғироқ қиламан» деган ҳол сўрашни.
«Кейин бориб кўраман» деган учрашувни.
«Кейин кечираман» деган афвни.
Чунки «кейин» ҳар доим ҳам келавермайди.
Компьютерда файлни сақлашдан олдин истаганча ўзгартиришингиз мумкин. Аммо инсон ҳаётида ҳар бир лаҳза сақланиб боради. Унинг устига яна бир лаҳза ёзилади, кейин яна бошқаси... Ва бир куни орқага қарасангиз, сизга энг керакли жойда Ctrl+Z ишламай қолганини кўрасиз. Шунда эҳтимол, одам ўзининг энг катта хатоси нима бўлганини тушунади. У хато қилганини эмас, ўша хатони тузатишга ҳали вақт бор деб ўйлаб, фурсатни бой берганини кўради.
Шунинг учун ҳозир кимгадир қўнғироқ қилиш керак бўлса ‒ қилинг.
Кимнидир бағрингизга босиш керак бўлса ‒ бағрингизга босинг.
Кечирим сўраш керак бўлса ‒ сўранг.
Меҳрингизни билдириш керак бўлса ‒ билдиринг.
Чунки ҳаётда Ctrl+Z йўқ!
Баъзи эшиклар ёпилгандан кейин уларни тақиллатиш мумкин. Аммо баъзи эшиклар борки, улар ёпилганда калити ҳам ер билан бирга кўмилади.
✍🏽@qoraa_qalam
Post #1115
207
- 😢 7
- 🔥 5
- 🕊 3
- 💯 2
- ❤ 1
- 😭 1