TGViewer
Қора қалам Қора қалам @qoraa_qalam · 251 subscribers
Post #1099 150
#taqriz
 
«МУСАЛЛАС МАМЛАКАТИ»
     Одатда бирор китобни ўқиб тугатсам, «иссиғида» ўша китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни қоралаб қўйишга ҳаракат қиламан. Лекин бу сафар негадир ундай бўлмади. Хитойлик ёзувчи Мо Яннинг «Мусаллас мамлакати» китобини нега ўқишни бошлаганимни ўзим ҳам билмайман. Одатда кимдир тавсия қилган ёки ўзим яхши таниган муаллифларнинг китобини танлашга ҳаракат қилардим. Лекин бу сафар ундай бўлмади. Балки ёзувчининг Нобель мукофоти совриндори экани ҳам бу китобни танлашимга сабаб бўлгандир.
     Мо Ян (ҳақиқий исми Гуань Мое) «Мусаллас мамлакати»ни 1992 йили эълон қилган. Асарни ўқир эканман уни жиноят тергови, фантастика, сиёсий ва ижтимоий сатира, халқ ҳаёти ва инсон табиати каби турли қатламларни бир-бирига аралаштириб юборган мураккаб асар деган хулосага келдим. Муаллиф бу мавзуларни шу қадар қориштириб ташлаганидан асосий ғоя нима эканини ҳам тушуниб олиш қийин. Биринчи ақлимга келгани – Мо Ян Маркеснинг «хитойча варианти» экан деган фикр бўлди.
     Асарнинг энг қизиқ томонларидан бири «мусаллас»нинг ўзи. Мусаллас бу ерда шунчаки ичимлик эмас. У ҳирс ва нафс, бойлик ва мансаб, жамиятдаги ахлоқий бузилиш, одамнинг ҳақиқатни кўриш қобилиятини йўқотиши каби маъноларни ифодаловчи рамзга айланади. Воқеалар ривожининг илк босқичида Динг Гоуэр деган терговчи ҳикоянинг марказига кириб келади. У Мусаллас мамлакатидаги ғалати воқеаларни текширишга ҳаракат қилади. Бироқ борган сари воқелик билан уйдирма ўртасидаги чегара йўқола бошлайди. Воқеликни тўлиқ қамраб олишга улгурмасингиздан ёзувчининг ўзига ўхшаш Мо Ян исмли персонажнинг ҳам пайдо бўлиши романни янада мураккаблаштиради. Романда бир қарашда ақлга сиғмайдиган таомлар, ғалати зиёфатлар ва одам гўшти билан боғлиқ даҳшатли тасвирлар пайдо бўлади. Ўқувчи табиий равишда: «Бу ростдан ҳам содир бўляптими ёки ёзувчи атайлаб муболаға қиляптими?» деб қолади. Ундан ташқари ҳаддан ташқари ортиқча деталлар ҳам ўқувчи диққатини чалғитади. Масалан, айрим таомларнинг узун таърифи, мастлик саҳналари, ғалати персонажлар, беҳаё саҳналар аниқ бир воқеалар тизимини шакллантириб олишингизга халал беради.
     Айниқса, бола гўшти мотиви энг даҳшатли нуқта. Сотиш учун махсус болалар парваришланиши, нархини ошириш учун ўзаро рақобатлашиши ҳақидаги жойларини шунчаки ўқиб кетолмайсиз. Бола – беғуборлик, келажак, ҳимоясизлик рамзи. Катталар дунёси эса болани ҳимоя қилиши керак. Аммо асарда аксинча ҳолат юзага келади: катталар ўз манфаати учун ҳатто энг муқаддас нарсани ҳам «истеъмол» қилишга тайёр. Шу нуқтада «Мусаллас мамлакати»даги энг қўрқинчли нарса одам гўшти «ейиш»нинг ўзи эмас. Энг қўрқинчлиси одамлар бунга кўникиб қолиши. Беихтиёр яқин тарихда роса шов-шув бўлган «Эпштейн иши» кўз олдимга келди. Ҳар иккаласида ҳам умумий бўлган энг даҳшатли нуқта ҳимоя қилиниши керак бўлган боланинг ҳокимият, пул ва ҳирсга эга катталар томонидан инсон сифатида эмас, фойдаланиладиган объект сифатида кўрилиши. Мени романнинг ўзидан ҳам кўпроқ безовта қиладиган жиҳат шу бўлди. Одамлар гўё даҳшатли нарсаларни оддий ҳаётнинг бир қисми сифатида қабул қилиб боришади. Мана шу ерда роман ҳақиқий қўрқинчли тус олади. Чунки одам ўлдиришнинг ўзи жуда қўрқинчли нарса эмас. Одам ўлдириш одатий ҳолга айланган жамият қўрқинчли.
      Лекин қизиғи, бу китобни ҳеч кимга тавсия қилмаган бўлардим. Чунки ҳар бир китобни ҳам «албатта ўқинг» деб тавсия қилиш шарт эмас. Айрим асарларни инсоннинг ўзи топиши керак. «Мусаллас мамлакати» менда айнан шундай таассурот қолдирди: у ўқувчини роҳатлантиришга ёки унга тайёр хулоса беришга уринмайди. Аксинча, баъзи жойларда атайлаб ноқулай аҳволга солади. Шунинг учун уни кимгадир тавсия қилишдан кўра, «агар сизга ғалати, мураккаб ва бироз безовта қиладиган адабиёт қизиқ бўлса, ўқиб кўринг», деган бўлардим.
 
✍🏽@qoraa_qalam
  • 😢 4
  • 🔥 3
  • 👍 1
  • 🤔 1
More from @qoraa_qalam
  1. Oct 6, 2026#эътироф Ислом олами билан Оврўпа орасида илм борасидаги фарқни тушуниб етиш учун ғарблик…
  2. Oct 5, 2026#fikr Тунов куни устозларимиздан Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг фейсбукдаги саҳифаларида До…
  3. Oct 4, 2026#ўйларим Ўтди даврон, кетди карвон. Энди карвонлар қайдадир... Биз эса ўша бекатдамиз – Ки…
  4. Oct 3, 2026📚 «Hilol-Nashr» 15 ёшда! 🎙 Маҳмуд Маҳкамдан табрик 🎉 10 октябр куни соат 14:00 да «Hilo…
  5. Oct 3, 2026#маълумот ЭНГ КИЧИК МУАЛЛИФ Адабиёт тарихида жуда қизиқ ва ноодатий ҳолатлар талайгина. Тў…
  6. Oct 2, 2026«Болалик хотираларим» асарининг 1963 ва 1995 йилда чиққан нашридан. ✍🏽@qoraa_qalam
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →