#шеърият
Иқбол МИРЗО
ЗУЛФИЯ
«Зулфияга қарама,
Нақ энангни кўрасан!
Мени яхши кўради,
Сўра, кимдан сўрасанг!»
Калтак ерди Абдулла,
Калтак еб ҳам қайтмасди.
– Ол-э, ўша Зулпини,
Керакмас! – деб айтмасди.
Ақлли қиз Зулфия,
Ҳаммасини билади:
Менга кўзи тушганда
Мийиғида кулади,
Дарслар кирмас қулоққа,
Самоларда хаёлим:
Зулфиянинг қўллари
Ипакдайин мулойим...
Китобимнинг ичида
Жилмаяди суврати.
Мени яхши кўради,
Мени яхши кўради...
... Йиллар ўтди, Абдулла,
Ҳаёт биздан кулди-я.
Сену мендек йигитдан
Воз кечди-я Зулфия!
«Зулфияга қарама,
Нақ энангни кўрасан!
Мени яхши кўради,
Сўра, кимдан сўрасанг!..»
Ақлли қиз эди-ку,
Ҳаммасини биларди:
Менга кўзи тушганда
Мийиғида куларди.
Мен-ку, майли...
Сениям
Тоза аҳмоқ қилди-я.
Биз ҳарбийда юрганда
Тегиб кетди Зулфия...
Китобимнинг ичидан
Учиб тушар суврати,
Севмаганман мен уни,
Абдул яхши кўради!
Йиртаман деб сувратин,
Йиртолмайман ҳар куни,
Севмаганман мен уни!
Севмаганман мен уни!..
✍🏽@qoraa_qalam
Post #1097
191
- 🔥 3
- ❤ 2
- 👍 1