Ҳамдардлик
Дилрабога
Сени бағримга босдим—
Чўғни бағримга босдим.
Қайғу қонидан шимган
Туғни бағримга босдим.
Шоир сўрар: Не учун,
ой осмондан йиқилди?
Худога не қилгандик,
Худо бизга не қилди?
Йигит кетган йигитнинг
Ер ўпарми кураги?
"Уни томдан йиқитди,
тўполончи юраги"*
Эй юзи офтоб синглим,
Чиройлим, моҳтоб синглим.
Ҳайёмий саволларга,
Ўзинг жавоб топ синглим.
Асал тотаётиб ҳам,
Ари заҳридан қўрқдим.
Худо меҳридан тотиб,
Худо қаҳридан қўрқдим.
Оламнинг айвонига,
Ой гилам тўшар бўлди.
Энди жаннат томонга,
Йўлимиз тушар бўлди.
Жон қуши кўкка учди,
Кўкдан умидвор синглим,
Кўкдан келган ғам қушин,
Кўкка учирвор синглим.
Наманган боғларида,
Анорлар бағир ёрсин.
Қолганлар ёмон қолди,
Кетганлар яхши борсин.
17.09.2026 йил
*Ғафур Ғулом сатри
@Guljamol_Asqarova
Post #1043
1.96K
