TGViewer
Pressuzb Pressuzb @pressuzb · 25.6K subscribers
Post #7717 7.12K
АҚШнинг Ўзбекистонга бўлган қараши қандай ўзгарди?

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио яқин кунларда Ўзбекистонга ташриф буюради. У ўзи билан 200 дан ортиқ америкалик бизнес етакчисини олиб келмоқда. Ташрифнинг тарихий аҳамиятини биргина делегация кўлами ҳам кўрсатиб турибди.

Бир қарашда бу шунчаки катта делегация. Аммо Ўзбекистон–АҚШ муносабатларининг яқин тарихига қаралса, бу рақам анча катта ўзгаришнинг белгиси экани кўринади. Чунки Вашингтоннинг Ўзбекистон билан мулоқоти ҳар доим ҳам бугунгидек бўлмаган.

Бир пайтлар Ўзбекистон ҳақида гап кетганда АҚШ ва Ғарб кун тартибида инсон ҳуқуқлари, фундаментал эркинликлар, мажбурий ва болалар меҳнати каби муаммолар биринчи қаторда турарди. Халқаро ташкилотлар ҳисобот чиқарар, ҳуқуқ ҳимоячилари савол қўяр, ўзбек пахтаси юзлаб халқаро брендлар бойкоти остида эди. Қисқаси, Ўзбекистон кўп ҳолларда имкониятлар эмас, муаммолар орқали таниларди.

Бугун манзара бошқача. Музокаралар столида инвестиция, муҳим минераллар, энергетика, молия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва инфратузилма каби йўналишлар турибди.

Бу ўзгариш бир ташриф ёки бир келишувнинг натижаси эмас. Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган очиқлик ва ислоҳотлар сиёсати Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан муносабатларида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бирин-кетин кун тартибидан чиқариб ташлади.

Энг ёрқин мисол — мажбурий меҳнат. Бир пайтлар Ўзбекистоннинг халқаро имижига энг катта босимлардан бири бўлган бу масала бўйича тизим ўзгартирилди. Халқаро меҳнат ташкилоти 2021 йилги пахта йиғим-терими якунлари бўйича Ўзбекистонда пахта етиштиришда тизимли болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам берилганини қайд этди. 2022 йилда эса 2011 йилдан бери амал қилиб келган ўзбек пахтасига нисбатан глобал бойкот бекор қилинди.

Шу билан бирга, ташқи сиёсатнинг ўзи ҳам ўзгарди: Ўзбекистон йирик давлатлар ўртасида танлов қиладиган эмас, уларнинг ҳар бири билан ўз манфаатлари асосида тенг ва ишончли муносабат қура оладиган давлатга айланди. АҚШ билан муносабатлар ҳам сиёсий мулоқот доирасидан чиқиб, тобора иқтисодий мазмун билан тўлдирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев июнь ойида АҚШнинг EXIM Bank ва DFC раҳбарлари, шунингдек, BlackRock, Boeing, Visa, JPMorgan, Meta, Air Products ва бошқа йирик компаниялар вакиллари билан музокара ўтказди. Муҳим минераллар, энергетика, металлургия, молия, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида аниқ лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Бу йўналишда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам фаол иш олиб бормоқда. Сентябрнинг ўзида Нью-Йоркда DFC, BlackRock ва Google раҳбарияти билан инвестиция, молия, муҳим минераллар ва технологиялар бўйича музокаралар ўтказилди. Яъни сиёсий мулоқот тобора аниқ лойиҳа ва иқтисодий манфаатларга айлантирилмоқда.

Шу нуқтаи назардан Марко Рубионинг 200 дан ортиқ бизнес етакчиси билан Самарқандга келиши алоҳида воқеа эмас. Бу — бир неча йилдан бери қурилаётган муносабатларнинг навбатдаги натижаси.

Бир вақтлар Вашингтондан Ўзбекистонга қараб кўпроқ “нимани ўзгартириш керак?” деган савол янграган бўлса, бугун “нимани бирга қиламиз ва қаерга сармоя киритамиз?” деган савол тобора кўпроқ эшитиляпти. Дипломатияда бундай ўзгаришлар тасодифан содир бўлмайди. Аввал муаммоларни ҳал қилиш, кейин ишончни тиклаш, ундан сўнг сиёсий муносабатни иқтисодий манфаатга айлантира олиш керак.

Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатидаги очиқлик, Саида Мирзиёева бошчилигида Президент Администрациясининг АҚШ сиёсий ва бизнес доиралари билан фаол мулоқоти ҳамда сўнгги йиллардаги амалий келишувлар бир нуқтада туташяпти: Ўзбекистонга энди муаммолар рўйхати билан эмас, лойиҳалар портфели билан келишяпти.

@pressuzb
More from @pressuzb
  1. Oct 16, 2026Telegram’да Instagram’га ўхшаш тавсиялар лентаси пайдо бўлади Telegram мессенжери фойдалан…
  2. Oct 15, 2026Бошқа ишга ўтиши муносабати билан Фарруҳ Фарходжонович Омонов Ўзбекистон Республикаси През…
  3. Oct 15, 2026Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойиши билан Хушнуд Ғайр…
  4. Oct 15, 2026Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойиши билан Азиза Абдус…
  5. Oct 15, 2026Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойиши билан Акрамжон Му…
  6. Oct 15, 2026IT Park Uzbekistan Осиё–Тинч океани минтақасида йилнинг энг яхши билимлар зонаси деб эътир…
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →