#Халқаро_симпозиум
🔺«Фатҳул борий» ва «Умдатул қорий»: икки буюк муҳаддис меросига илмий назар
🔺Аввал хабар берганимиздек, Туркиянинг Памуккале университетида «Имом Бухорийнинг илмий мероси: анъанавий ва замонавий ёндашувлар» мавзусида ўтказилган халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда, унда Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда институтининг илмий ишлар ва фан бўйича маслаҳатчиси Соатмурод Примов қатнашмоқда.
🔺Бугун ушбу нуфузли анжуманнинг иккинчи кунида Соатмурод Примов «Умдатул қорий» ва «Фатҳул борий» асарларининг қиёсий таҳлилига бағишланган илмий маъруза билан қатнашди.
🔺 Маърузада Ислом оламининг икки буюк муҳаддиси — Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Фатҳул борий» ва Бадриддин Айнийнинг «Умдатул қорий» асарлари қиёсий таҳлил қилиниб, уларнинг ёзилиш тарихи, ҳажми, мазмун қамрови ва ҳадисларни шарҳлаш услублари ёритилди.📌 Ушбу илмий таҳлил Имом Бухорийнинг бой ҳадисий меросини ўрганиш, мумтоз шарҳларнинг методологик хусусиятларини очиб бериш ва улардан замонавий илмий-тадқиқот жараёнларида самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
🔺 Хусусан, Бадриддин Айнийнинг «Умдатул қорий» асарида ровийлар таржимаи ҳолини батафсил баён қилиш, ҳадисларни луғавий ва сарфий жиҳатдан таҳлил этиш, ривоятларнинг бошқа манбаларда келган ўринларини кўрсатиш ҳамда фиқҳий ҳукмларни изчил баён қилиш хусусиятлари таъкидланди.
🔺 Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Фатҳул борий» асари эса ҳадисларнинг ривоят йўлларини таҳлил қилиш, ҳадис илмига оид танқидий ёндашувлар, манбаларни аниқлаш ва боб сарлавҳалари билан ҳадислар мазмуни ўртасидаги нозик боғлиқликни очиб бериш жиҳатидан кўриб чиқилди.
🔺 Шунингдек, маърузада икки аллома ўртасидаги илмий баҳслар, уларнинг мазҳабий қарашлари ва ҳадисшуносликдаги методологик ёндашувлари ҳам таҳлил қилинди. Жумладан, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Интиқодул эътироз» асари орқали Бадриддин Айнийнинг айрим қарашларига билдирган эътирозлари мисолида ўрта асрлардаги илмий мунозаралар хусусида сўз юритилди.
📤 Маъруза якунида мазкур икки асарнинг ҳар бири ўзига хос илмий устунликларга эга экани, уларни бир-бирига муқобил эмас, балки «Саҳиҳул Бухорий»ни чуқурроқ англашга хизмат қилувчи, бир-бирини тўлдирувчи илмий манбалар сифатида ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.
✍️ Тошкент ислом институти Матбуот хизмати
📱 @oliymahad – диний-маърифий канал!
📱Youtube📱Facebook📱Instagram









