🔺ТИИ ва Истанбулдаги “Дорул махтутот” маркази қўлёзмаларни тадқиқ этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди
🔺Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ҳамда илмий ишлар ва фан бўйича маслаҳатчи Соатмурод домла Примов Туркия Республикасига амалий ташрифлари давомида Истанбул шаҳридаги “Дорул махтутот” қўлёзмаларни тадқиқ этиш марказида бўлдилар.
🟦2021 йилда Султон Аҳмад вақфи ҳамда Нурул-Ҳуда институти кўмагида ташкил этилган мазкур марказ қўлёзмаларни йиғиш ва рақамлаштириш, каталоглаштириш ва таснифлаш, илмий тадқиқ этиш ҳамда танқидий нашрга тайёрлаш билан шуғулланади. Шунингдек, марказда араб қўлёзмалари кодикологиясини ўрганиш, библиографик тадқиқотлар олиб бориш, қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш, ёш тадқиқотчиларни қўлёзмалар билан ишлашга тайёрлаш борасида ҳам ишлар амалга оширилади.
🟦Ташриф доирасида ТИИ вакиллари “Дорул махтутот” маркази бош директори доктор Маҳмуд Мисрий билан учрашиб, муассасанинг фаолияти ва қўлёзмаларни тадқиқ этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
🟦Мулоқот давомида қўлёзма меросини ўрганиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
🟦Хусусан:
Мовароуннаҳрлик алломаларга оид қўлёзмаларни биргаликда тадқиқ қилиш, уларнинг электрон каталогини шакллантириш бўйича тажриба алмашиш, ТИИ профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари учун махсус курс ва семинарлар, шунингдек, қўлёзмаларни каталоглаштириш бўйича масофавий дарслар ташкил этиш ҳамда қўшма илмий конференциялар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
🟦Учрашув якунида Тошкент ислом институти ва Истанбулдаги “Дорул махтутот” қўлёзмаларни тадқиқ этиш маркази ўртасида илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
🔺 Мазкур келишув Тошкент ислом институтида қўлёзма меросини ўрганиш, Мовароуннаҳр алломаларининг илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
✍ Тошкент ислом институти Матбуот хизмати
@oliymahad – диний-маърифий канал!
📱 Youtube 📱 Facebook 📱 Instagram






