Қари дегани ақлли дегани эмас. Қандай қилиб олдинги авлод билими ва тажрибаси қадрсизланганлиги ҳақида.
Жамият ва инсоният ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида давом этамиз. Тарихан кўплаб жанглар ва кашфиётлар бўлгани билан, инсонлар ҳаётида кескин ўзгаришлар камдан-кам бўлган. Масалан, сўнгги асргача дунёнинг аксар ҳудудида деҳқоннинг боласи деҳқон, ҳунармандники ҳунарманд, табибники табиб бўлган. Бир хил соҳада бир хил технология ва билимлар қўлланган жойда қари авлоднинг билими ва тажрибаси ўз-ўзидан ёш авлодникидан кучли бўлган. Бу нарса қари авлодга нисбатан ҳурматни кучли ушлаб турган, шунингдек авлодлар ўртасида низолар ҳам деярли бўлмаган. Катта авлод айтганини ёш авлод қилган.
Лекин, сўнгги аср бутун дунёда инсоният ҳаётини кескин ўзгартирди. Техник тараққиёт эвазига ёш авлод замондан орқада қолган эски авлоддан билим борасида ўтиб кетган ҳолатлар тез-тез учрай бошлади. Бу қаерлардадир авлодлар ўртасида низоларни ҳам келтириб чиқарди. Шунақа даврга келдикки, энди инсоннинг ёши билим борасида кўп нарсани гапирмайди. Энди билим ва тажриба инсоннинг ёши билан баҳоланмайди.
Бунга, албатта кескин технологик ўзгаришлар олиб келди. Бир томондан тараққиёт эвазига катта авлоднинг билимлари эскирди. Иккинчи томондан, ёшлар янги билимга доим мослашувчанроқ бўлиб келган. Дейлик, ХI асрдаги бирор касб эгаси ва ХVI асрдаги ўша касб эгаси ишлаш услуби ўртасида деярли катта фарқ бўлмаган. Бугун бўлса ҳатто 20 йил олдинги билим ҳам актуал эмас. Интернет бўлса ҳаммасини ўзгартирди. Масалан, бугун мактаб боласи компьютердан фойдаланишни 50 йил тажрибаси бор врач ёки бухгалтердан яхшироқ билиши мумкин.
Соҳалар ва йўналишлар кўпайиб, ҳаммаси мураккаблашиб борган сари, янги авлодга ота-онаси ёки оиласидаги катталар билимлари фойдасиз бўлиб бормоқда. Энди инсон кимдан ўргангани эмас, ўзи қандай тажриба тўплагани муҳимроқ бўлиб қолди. Шу учун ҳам 10 000 соат қоидаси Ғарбда кўпроқ танилди. Бу қоидага кўра инсон бир ишда профессионал бўлиши учун 10000 соат тажриба керак. Бу ҳақида «Зукколар ва ландавурлар» китобида яхши таҳлиллар берилган. Бугунги авлод бошқалардан олган билимидан кўра, ўз тажрибасидан қанча нарсани қандай муддатда ўтказганлиги билан баҳоланади. Шу учун ҳам ўзгарувчан дунёда энди катта авлоднинг билими энг асосий бўлмай қолди. Тарихда бола асосан отасининг, отаси бобосининг йўлини такрорлаган бўлса, бугун бола бобосидан жуда фарқли муҳитда, бошқа қадриятлар билан, ҳатто бошқа давлатда ўсиши мумкин.
Билим, шароит, муҳит, ҳаммаси жуда тез ўзгармоқда.
Катталарни ҳурмат қилишимиз, улар бизга ўз умрларини бахш этишгани учун меҳр беришимиз жуда муҳим. Бу инсонийлик белгиси.
Лекин, катта авлод билим ва тажриба манбаи сифатида қаралиши эскирганлиги, қари дегани билимли ёки ақлли деганини англатмаслиги бугунги бутун дунёда кетиб турган ижтимоий жараёндир.
Сиз ва мен бўлса яқин келажакда фарзандларимиз биздан ақллироқ бўлганда, уларнинг ҳаётига аралашиб, улар учун қарор қилиб уларни азоб бермасак, вақти келганда ўрнимизни бўшатиб, эскирган билимимиз ва қадриятларимизни тиқиштирмасак, улар учун аслида катта хизмат қилган бўламиз))
@allaevuzb
Post #338
621