Қурилишда лицензия олиш учун 30–40 та ҳужжат талаб қилиниши бекор қилиниши мумкин
Қурилиш соҳасида лицензия олиш жараёнини кескин соддалаштириш таклиф этилмоқда. Энди тадбиркорлардан 30–40 тагача ҳужжат талаб қилиш амалиётидан воз кечилиши мумкин.
ОАВ учун Контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов соҳада лицензиялаш тизимига киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Вазирлик томонидан Ҳукуматга киритилган қарор лойиҳасига кўра, лойиҳа-қидирув, қурилиш-пудрат ва хусусий экспертиза фаолияти учун лицензия олиш ёки лицензия тоифасини оширишда аризага 30–40 тагача ҳужжат илова қилиш талаби бекор қилинади.
Зарур маълумотлар тегишли ахборот тизимларидан ўзаро интеграция орқали автоматик равишда олинади.
Янги тартиб лицензиялаш жараёнини инсон омилини минималлаштирган ҳолда рақамли маълумотлар асосида ташкил этиш, ортиқча ҳужжатбозликни камайтириш ва тадбиркорларнинг вақтини тежашга қаратилган.
Натижада аввал 2–3 ойгача давом этган лицензия олиш жараёнини онлайн тарзда 2–3 кун ичида амалга ошириш имконияти яратилиши кутилмоқда. Аризаларни кўриб чиқиш муддатларини эса 50–60 фоизгача қисқартириш режалаштирилган.
Шунингдек, лицензия талабларига мос мутахассисларни излаётган ташкилотлар учун иш қидираётган мутахассислар ҳақида маълумот жойлаш имконияти ҳам яратилади.
Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
Post #99322
1.69K