TGViewer
Bakhrom Abdukadirov Bakhrom Abdukadirov @baxrom_ceo · 1.96K subscribers
Post #76 3.07K
💰 Бойлик нима ўзи, аслида?

Алишерака ҳақидаги ҳикоям кўпларга таъсир қилди шекил, яна бойлик бўйича саволлар тушди. Агар 100 кишидан бойликни таърифлаб беришни сўрасангиз, эҳтимол 100 хил жавоб оласиз.

Ким учундир бойлик бу садоқатли дўстлар. Бошқалар учун бу мустаҳкам оила, соғлиқ, таълим, қадрланиш ҳисси. Шу маънода, бойлик инсон учун энг муҳим бўлган нарсанинг кўп бўлиши ҳам бўлиши мумкин, тўғрими?

Мен бу таърифларнинг ҳеч бирига қарши чиқмайман 🙂 Аммо биз бу ерда молиявий мустақиллик ҳақида гаплашаётган эканмиз, келинг, бойликка энг тўғри таърифни берамиз. Қисқача қилиб айтганда: бойлик бу сизнинг оилангизни ва келажагингизни ҳимоя қила оладиган молиявий ҳолатингиздир деб ўйлайман.

🗝 Асосий қоида: Пул учун ишламанг, пул сиз учун ишласин

Бойлик сизда нима борлиги билан эмас, балки бор нарсангиз сизга қанча "эркинлик" бериши билан ўлчанади деб ўйлайман. Оддий тилда айтганда, бойлик бу сиз ишламасангиз ҳам Сизга келиб турадиган "даромад оқими"дир.

Кўп одамлар “миллионер бўлишни” орзу қилади. Аммо бир миллион долларга эга бўлишдан кўра, ўша миллион доллар нима ишлаб чиқара олиши анча муҳимроқ.

Келинг, битта мисол кўрамиз:

🧱 «Ўлик» бойлик: Тасаввур қилинг, банк сейфида $1 000 000 қийматидаги олтинингиз бор. Қоғозда сиз миллионерсиз. Лекин бу олтин бугунги ҳаётингизни қандай яхшилаяпти? Ҳеч қандай. У сейфда жим ётибди, инфляция эса унинг сотиб олиш қудратини йил сайин емириб боряпти. Банк ҳисоб рақамидаги ёки ёстиқ тагидаги бекор ётган пул ҳам шунга киради. Психологик хотиржамликдан бошқа, у ҳаётингизни яхшиламайди.

🌱 «Тирик» бойлик: Энди тасаввур қилинг, сиз ўша олтинни сотиб, пулига ҳар бири $100 000 дан бўлган 10 та квартира олдингиз. Улар ойига $10 000 ижара даромади келтирмоқда. Сиз ҳали ҳам миллионерсиз, лекин энди бойлигингиз «тирик» яъни у сиз ишламасангиз ҳам ҳаётингизни ҳар ой молиявий таъминлаб турибди.

🚫 Шундай қилиб: Бойлик бу сиз яшаётган катта уй, ҳайдаётган қиммат машина, қиммат кийимлар эмас. Кўп одамларда буларнинг барчаси бор лекин улар бой эмас. Улар ҳозирча фақат юқори даромадга эга инсонлардур. Нима деб ўйлайсиз, агар улар тўсатдан ишлашдан тўхташса, уларнинг шаҳона турмуш тарзи қанча вақт давом эта олади?

⏳ Бойликнинг асл ўлчови ВАҚТ бўлса керак

Мен бойликни фаол меҳнатсиз ҳам турмуш даражангизни сақлаб қолиш қобилияти деб биламан.


Инвестиция даромади ҳисобидан камтар яшай олган инсон, маошга таяниб ҳашаматли ҳаёт кечираётган одамдан бойроқдир. Биз молиявий жиҳатдан “чўққида” юргандек кўринган, лекин даромадидан айрилгач бир неча ой ичида қулаган одамларни кўрганмиз. Лотерея ғолибларини эсланг 😅

🎯 Сизнинг асосий маррангиз бу маошга боғланиб қолмаслик бўлиши керак. Қачонки сизнинг дивидендларингиз ва пассив даромадингиз барча харажатларингизни тўлиқ қопласа, сиз ҳақиқий молиявий эркинликка ва бойликка эришган бўласиз. Бу ҳолатда ишлаш сиз учун мажбурият эмас, шунчаки танловга айланади. Бу марҳум Алишерака танлаган йўлнинг мутлақо тескариси. Ва айнан шу фарқ келажакда сизнинг ва оилангизнинг тақдирини белгилайди.

Изоҳларда ўз фикрингиз билан ўртоқлашинг! 👇

@baxrom_ceo
  • 👍 27
  • 🔥 12
  • ❤ 5
  • ⚡ 2
  • 💯 1
More from @baxrom_ceo
  1. Aug 26, 2026Ишда қолиш ёки ўз йўлингизни бошлаш? Сўнгги пайтларда менга янги битирувчилар, чарчоқни ҳи…
  2. Aug 24, 2026IPO: ҳар қандай асосчини ўйлантирадиган савол Яқинда бир тадбиркор танишим: “Компаниямиз к…
  3. Aug 18, 2026Ангел-инвестор сифатидаги биринчи EXIT’им Ҳар бир инвесторнинг ҳаётида шундай бир лаҳза бў…
  4. Aug 17, 2026"Қоғоз"дан ҳақиқий капиталгача🚀 Ўзбекистон сингари ёш стартап бозорларида ESOP (ходимларн…
  5. Aug 12, 2026📈 Тошкент фонд бозоридаги ҳаяжон... Сўнгги икки ҳафтада менга кўплаб одамлар ёзишни бошла…
  6. May 25, 2026⏳ Ҳафтангизда молиявий эркинлик уруғи аллақачон мавжуд Ҳафталик тақвимингизга бир назар та…
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →