Андижон вилояти делегацияси Витебск давлат университетида бўлди
Айни кунларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Сафар доирасида делегация аъзолари Витебск давлат университетига ташриф буюриб, олий таълим муассасасининг фаолияти, таълим жараёнини ташкил этиш тизими ҳамда илмий салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
Учрашув давомида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, таълим сифатини ошириш борасида ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик мобиллигини йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурлари ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ташриф доирасида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Витебск давлат университетида таҳсил олаётган ҳамда тажриба алмашиш ва малака ошириш мақсадида Беларусь Республикасида бўлиб турган андижонлик талабалар билан ҳам учрашди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда вилоят раҳбари талабаларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг таълим олиш жараёни, яшаш шароити, дуч келаётган муаммолари ва таклифлари билан қизиқди. Талабаларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш, билим ва тажрибаларини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Мазкур ташриф икки томонлама таълимий ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X
Post #64242
4.19K








