Балиқчи туманида паррандачилик кластери: «Сокин савдо сервис» мажмуасида тўлиқ ишлаб чиқариш занжири яратилди
Балиқчи туманида қиймати 29 миллион долларлик «Сокин савдо сервис» паррандачилик кластери муваффақиятли фаолият юритмоқда. Мазкур кластер озуқа тайёрлаш, парранда боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш ва қадоқлашни қамраб олган тўлиқ технологик занжирга эга бўлиб, унда 417 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Корхонанинг Андижон ва Наманган вилоятларида жами 8 та хўжалиги мавжуд бўлиб, Тошкент вилоятидаги тармоғида паррандалар учун махсус озуқа ишлаб чиқарилади.
Айни пайтда мажмуада 1,5 миллион дона бройлер товуғи парваришланмоқда ва йилига 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштириш қуввати мавжуд. Халқаро «Ҳалол», HACCP ва ISO стандартлари асосида ишлайдиган ушбу завод йилига 55 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш имкониятига эга. Жорий йилдан бошлаб тизимда наслчилик йўналиши ҳам ишга туширилиб, йилига 9 миллион дона тухумдан 7,6 миллион дона бройлер жўжа очириш йўлга қўйилди.
2027 йил якунига қадар чиқиндиларни қайта ишловчи рендеринг линиясини ўрнатиш ва кўп қаватли катак тизимини жорий этиш учун яна 10 миллион доллар йўналтирилади. Шунингчас, фаолияти тўхтаган кичик хўжаликларни кластер билан ягона кооперацияга бирлаштириш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус қўшимча 1,7 миллион дона парранда етиштириш ҳамда соҳада 400 тагача иш ўрнини қайта тиклаш имконини беради.
Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X
Post #63868
5.76K