Андижонда транспорт ҳаракатини енгиллаштирувчи замонавий йўл ўтказгич расман очилди
Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига аввалги ташрифи чоғида берилган топшириғи асосида Бобуршоҳ кўчасида умумий қиймати 271 миллиард сўмлик стратегик йўл ўтказгич барпо этилди. Шаҳарнинг икки қисмини тўғридан-тўғри боғловчи ушбу мажмуа транспорт ҳаракатини сезиларли даражада енгиллаштиришга ва ортиқча айланиб ўтиш йўлларини бартараф этишга хизмат қилади. Янги иншоотнинг умумий узунлиги 796 метр, кенглиги эса 25,9 метрни ташкил этиб, унинг 596 метри эстакада, 200 метри эса тиргак деворли йўл қисмидан иборат.
Ушбу йўл ўтказгич биринчи навбатда аҳоли учун катта қулайлик яратди. Эндиликда Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи 140 минг нафар аҳоли кундалик ҳаракатда 5,3 километр ортиқча масофани босиб ўтмайди. Темир йўл кесишмасидаги узоқ кутишларнинг барҳам топиши натижасида йўловчиларнинг умумий манзилга етиб бориш вақти 17 дақиқагача қисқарди.
Иншоот тезкор ва махсус хизмат машиналарининг ҳаракатланиш самарадорлигини ҳам тубдан оширди. Махсус хизматларнинг қатнов масофаси 15 километрдан 9,3 километргача қисқарди, бу эса айниқса, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сифатида муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қулайлик туфайли оғир беморларни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалига аввалгидан 14 дақиқа эртароқ етказиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконияти кенгайди.
Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X
Post #63911
6.22K