Балиқчи туманида интенсив балиқчилик мажмуаси: «Chinobod real biznes» корхонасида йилига 50 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилади
Давлат раҳбарининг балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид фармони доирасида Балиқчи туманида қиймати 30 миллиард сўмлик «Chinobod real biznes» корхонаси ташкил этилди. Интенсив технологиялар туфайли 2 гектар майдонда анъанавий усулдаги 100 гектарлик ҳавзалар билан тенг ҳажмда — йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 миллион дона форель чавоғи етиштириш имконияти яратилди. Лойиҳа доирасида йилига 2 миллион долларлик маҳсулот Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга экспорт қилиниб, бюджетга 5 миллиард сўм тушум таъминланади.
Мажмуада тўлиқ яшил ва ресурс тежамкор тизим йўлга қўйилган бўлиб, корхонанинг электр энергияси эҳтиёжи қуёш панеллари ҳисобидан қопланади. Ҳавзалардан чиққан ва минералларга бой бўлган сув экинларни sugʻorishga йўналтирилади. Шунингдек, мажмуадаги махсус лабораторияда сув сифатини яхшилаб, балиқ етиштириш самарадорлигини яна 15-20 фоизга оширувчи хлорелла сув ўти етиштириш тизими жорий этилган.
Лойиҳа ҳудудда бандликни таъминлаш ва таълимни ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Тумандаги «Сарновул» маҳалласидаги 20 та хонадон корхона билан кооперация асосида қўшимча даромад топмоқда. Бундан ташқари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда «Балиқчилик ва паррандачилик амалиёт маркази» ташкил этилиб, талабаларнинг ишлаб чиқаришда амалий кўникма ортиришлари таъминланган.
Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X
Post #63850
4.25K