Балиқчи туманида спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи йирик мажмуа иш бошлади
Давлатимиз раҳбарининг соҳага тадбиркорларни жалб қилиш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида Балиқчи туманида «LB Sport» корхонаси ташкил этилди. Тадбиркорнинг 25 миллиард сўм ўз маблағи ҳисобидан барпо этилган мажмуада 18 та спорт тури учун 65 хилдаги маҳсулот тайёрланмоқда. Корхона йилига 75 миллиард сўмлик (500 минг дона) рақобатбардош спорт анжомлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
Мажмуада ишлаб чиқариш ва таълим интеграцияси йўлга қўйилиб, 1- ва 2-сонли техникумларнинг 100 нафар ўқувчиси дуал таълим асосида амалиёт ўтамоқда. Бундан ташқари, тумандаги 800 та кам даромадли оила билан касаначилик асосида ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, уларнинг 90 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Мазкур тизим аҳолини хонадонида туриб барқарор даромад билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Сифат жиҳатидан хориж муқобилларидан қолишмайдиган ушбу маҳсулотлар МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда ва йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида ушбу ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Корхонанинг истиқболдаги режасига кўра, 2027 йилда чет эл сармояси иштирокида спорт велосипедлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсад қилинган.
Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X
Post #63831
1.82K