Айни кунларда Андижон давлат университети талабалари академик мобиллик дастури доирасида хорижий таълим муассасасининг ўқув жараёни билан яқиндан танишиш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро тажриба алмашиш мақсадида Беларус Республикасида ташкил этилган қисқа муддатли халқаро таълим дастурида иштирок этмоқда.
Бугун, 14 октябрь куни талабалар Беларус Республикасининг Витебск шаҳрида жойлашган университетга ташриф буюриб, унинг таълим муҳити, ўқув жараёни ва фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, шаҳар бўйлаб саёҳат давомида Витебскнинг тарихий масканлари, диққатга сазовор жойлари, ўзига хос меъморчилиги ва бой маданий меросини яқиндан ўргандилар.
Саёҳат давомида талабалар шаҳарнинг тарихи, маданий анъаналари ва замонавий ҳаёти ҳақида маълумотларга эга бўлиб, беларус халқининг миллий қадриятлари ҳамда маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Мазкур ташриф талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, хорижий мамлакатлар тарихи ва маданиятига бўлган қизиқишини ошириш, шунингдек, турли халқларнинг урф-одатлари ва қадриятларини ўрганишга хизмат қилмоқда.
Академик мобиллик дастурлари ёшларнинг касбий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда маданиятлараро мулоқот кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Андижон давлат университети талабаларининг Беларус Республикасидаги иштироки уларнинг таълим ва маданият соҳаларидаги халқаро тажрибасини бойитиш, янги билим ва таассуротлар орттириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
👉 Vodiy1.uzга уланиш учун https://t.me/Vodiy1uzofficial. Водийнинг 1- рақамли каналига аъзо бўлинг






