Украина дронлари билан сийланган Wildberries компанияси Ўзбекистоннинг "UzPost" компаниясининг қарийб 93 % давлат улушини 1 йилга ишончли бошқарувга олгани айтиляпти. Мазкур хабар жамоатчилик фаоллари томонидан салбий қаршиланаётганини ҳам тўғри тушуниш керак. Ҳавотирлар нимада?
Биринчидан, "UzPost" шунчаки етказиб бериш хизматимас. У бутун мамлакат бўйлаб (чекка қишлоқларгача) энг кенг тарқалган инфратузилмага ва фуқароларнинг шахсий маълумотлари, посилка оқимлари ҳақидаги стратегик ахборот базасига эга. Бундай инфратузилманинг хорижий, бўлибам Украина нишонида турган компанияга ишончли бошқарувга берилиши
киберхавфсизлик ва маълумотлар суверенитети нуқтаи назаридан синчковлик билан назорат қилинишини талаб этмайдими?
Иккинчидан, Wildberries — шунчаки логистика оператори эмас, у
электрон тижорат (маркетплейс) соҳасидаги бевосита иштирокчи ва сотувчи. Электрон тижоратда энг катта хавфлардан бири — бу
сотувчи ва логистнинг ягона субъектга айланишимасми? Агар Wildberries миллий почта инфратузилмасини бошқарса, у ўз маркетплейсидаги товарларга приоритет (афзаллик) бериши, логистика нархларини ўзи учун арзонлаштириб, бошқа маҳаллий маркетплейслар (масалан,
Uzum, Asaxiy, ZoodMall ва бошқалар) ёки логистика оператори хизматидан фойдаланувчи рақобатчилар учун нарх ва шартларни мураккаблаштириши мумкинми? Бу ҳолат
вертикал интеграциялашган монополия тушунчасига тўғри келмайдими?
Учинчидан, агар Wildberries миллий логистикани ўз фойдасига мослаштирса, бу маҳаллий электрон тижорат ва логистика компанияларига катта зарба бўлмайдими? Улкан капиталга эга минтақавий гигант билан ягона логистик тармоқда тенг рақобатлашиш маҳаллий бизнес учун жуда қийин кечмайдими? Рақобат қўмитаси вазиятни назорат қила оладими?
Тўртинчидан, бор йўғи бир йил синовдир дерсиз. Унда нега бу синов аввал ўзимизнинг маҳаллий компаниялар билан ўтказилмади? Масалан Италия тажрибаси. Давлат улушини сақлаб қолган ҳолда акцияларни биржага олиб чиқди ва тизимни фақат посилка эмас, балки банк ва суғурта хизматлари билан кенгайтирди. Ёки қўшнимиз Қозоғистон. Kazpost мустақил равишда ўз почтоматлар тармоғини кенгайтирди ва
бошқа ҳеч қайси маркетплейсга алоҳида афзаллик (преференция) бермади. Шунақароқ тажрибалар қилиб кўрсак яхшимасмиди?
Ва охиргиси. Бир йиллик муддат тугагач, нима бўлади? 1 йил давомида UzPost’нинг IT-тизими, саралаш марказлари ва логистик алгоритмлари Wildberries стандартларига тўлиқ мослаштирилади ва боғлаб қўйиладими? Муддат тугагач, давлат бошқарувни қайтариб олмоқчи бўлса, тизимни қайта ажратиш (
unbundling) жуда қимматга тушиши ёки оператив тўхтаб қолишга олиб келиши мумкинми? Wildberries бу ҳолатдан фойдаланиб, давлатга ўз шартларини ўтказишда, муддатни янада узайтиришда ёки улушни сув текинга сотиб олишда ричаг сифатида фойдаланиши мумкинми? Бу саволларга масъуллар нима дейди?
👉
@Zafarbek_Solijonov