Самарқандга Мистер Бист келгандаги бемаъни ҳолат ўзини билган ҳаммани хавотирга солди.
Бу қандай шовқиндир, қандай тўполон,
Не-не улуғларнинг хоки ёнида...
Ҳушини йўқотиб қўпар оломон
Илму маърифатнинг Регистонида.
Ўпкангни қўлтиқлаб қайга чопасан
Кўзлаган манзилинг қай сомонхона?
Боболаринг қолиб, кимни топасан,
Наҳотки, муродинг – оломонхона?
Етти ёт ажнабий муршидинг бўлса,
Миллат пирларига кўз солармидинг?
Мабодо, Навоий тирилиб келса,
Ўтирган ўрнингдан қўзғолармидинг?
Улуғбек қўлингга бир китоб тутса,
Шундай тошармидинг айқирган сойдек?
Салом берармидинг кўчангдан ўтса,
Ўзбекнинг ҳасрати – ҳазрати Ойбек?
Қўрчоққа топинган бутпараст мисол
Мунча хор турасан, мутеъ, жодубанд.
Нега сезмаяпсан, ортингда алҳол,
Бош чайқаб турибди буюк Самарқанд.
12.10.26
✍️ Эшқобил ШУКУР
@Eshqobil_Shukur_ijodi
