Нега давлатлар ўзаро фойдали ҳамкорликдан воз кечади?Халқаро муносабатларда давлатлар ҳамкорлигини тушунтирувчи икки хил қараш бор. Биринчиси — мутлақ ютуқлар/фойда (absolute gains): давлат учун ҳамкорлик натижасида ўзи қанча фойда кўриши муҳим. Масалан, савдо орқали икки давлат ҳам иқтисодий ўсишга эришса, иккаласи ҳам ютади. Бирининг кўпроқ фойда олиши иккинчисининг манфаатини автоматик равишда йўққа чиқармайди.
Иккинчи қараш — нисбий ютуқлар/фойда (relative gains): давлат нафақат ўзи қанча фойда олганига, балки рақиби ундан қанча кўпроқ ютганига ҳам қарайди. Чунки бугунги иқтисодий устунлик эртага ҳарбий қудрат ва сиёсий таъсирга айланиши мумкин. Шу сабабли давлат ўзи ҳам фойда кўрадиган, аммо рақибини ундан тезроқ кучайтирадиган ҳамкорликдан воз кечиши эҳтимол. Бу — халқаро муносабатлардаги ҳамкорлик муаммоларидан бири.
Конструктивистлар эса бу муаммога бошқача қарайди: давлатлар ўртасида умумий ўзлик шаклланса, рақиблик мантиқи ўзгариши мумкин. Агар давлатлар бир-бирини фақат алоҳида миллий манфаатларини кўзлайдиган рақиблар эмас, балки умумий ҳамжамиятнинг аъзолари сифатида кўра бошласа, бирининг хавфсизлиги бошқаларнинг ҳам масъулиятига айланади. Бундай шароитда ҳамкорлик фақат ҳар бир давлатнинг ўзига қанча фойда олиши билан эмас, балки бутун ҳамжамиятнинг манфаатлари билан ҳам белгиланади.
Бу Марказий Осиё учун ҳам муҳим: минтақавий умумийлик ҳисси кучайган сари давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро шубҳаларни камайтириш ва барқарор минтақавий тартибни шакллантириш имконияти ортади. Зеро, барқарор минтақавий тартиб фақат кучлар мувозанатига эмас, давлатларнинг бир-бирини қандай қабул қилишига ҳам боғлиқ.
👉🏿
https://t.me/otabek_akromov