🔺Тошкент ислом институти делегацияси Туркиядаги ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқда
🔺 Бугун, 5 октябрь куни Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда илмий ишлар ва фан бўйича маслаҳатчи Соатмурод Примов Туркия Республикасига амалий ташрифини бошлади.
🔺Ташрифдан асосий мақсад — Туркиянинг нуфузли илмий-тадқиқот муассасалари билан алоқаларни кенгайтириш, ислом тарихи ва маданий меросини ўрганиш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, қўшма илмий лойиҳалар ва таълимий дастурларни йўлга қўйишдан иборат.
🔺Шу мақсадда Тошкент ислом институти вакилларининг илк учрашувлари Истанбул шаҳридаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA)га ташрифи билан бошланди. Улар IRCICA маркази бош директори профессор Эрол Қилич ҳамда профессор Аширбек Мўминов билан учрашди.
🔺 Мулоқотда Ўзбекистондаги исломий қўлёзмаларни каталоглаштириш, рақамлаштириш ва илмий тадқиқ қилиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк алломалар меросини биргаликда ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
🔺 Шунингдек, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари учун IRCICAда малака ошириш ва махсус тренинглар ташкил этиш, қўшма илмий семинар ҳамда конференциялар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
🔺 Учрашув якунида Тошкент ислом институти ва IRCICA ўртасида илмий-таълимий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
🔹 Мазкур келишув институтнинг халқаро илмий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, профессор-ўқитувчилар тажрибасини ошириш ҳамда исломий меросни замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш учун муҳим имконият яратади.
✍ТИИ Матбуот хизмати
📱 @oliymahad – диний-маърифий канал!
📱Youtube📱Facebook📱Instagram









