🎓Дуал таълим: Назарий билим ва амалий кўникмалар уйғунлиги
🇺🇿 Мамлакатимизда таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, ёшларга сифатли таълим бериш ва уларни келгусидаги касбий фаолиятга пухта тайёрлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
🔺 Хусусан, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, талабаларда касбий компетенцияларни шакллантириш ва уларни меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар этиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
🔺Шу нуқтаи назардан, таълим жараёнига жорий этилаётган дуал таълим тизими талабаларнинг олган назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш ҳамда касбий кўникма ва малакаларини бевосита иш жараёнида шакллантириш учун муҳим имконият яратади. Бунда талабалар ўқув дастурининг назарий қисмини олий таълим муассасасида ўзлаштириб, амалий машғулот ва кўникмаларни тегишли ташкилот ва муассасаларда амалда синаб борадилар.
🔺Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида дуал таълим доирасида амалиёт жараёнини самарали ташкил этиш, талабаларнинг амалиёт давомида белгиланган тартиб-интизом ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини таъминлаш мақсадида 4-курс талабалари билан давра суҳбати ташкил этилди.
🔺Унда институтнинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Ш.Бадиев, бўлим ходими Р.Олтинбоев ҳамда битирувчи курс талабалари иштирок этдилар.
🔺Давра суҳбати давомида талабаларга дуал таълим доирасидаги амалиётнинг мақсад ва вазифалари, уни самарали ташкил этиш тартиби ҳамда масъулият масалалари батафсил тушунтирилди. Хусусан, амалиёт ўташ учун масжидларга бириктирилган талабаларга имом-хатиб ва масъул ходимларнинг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш, белгиланган вазифаларни масъулият билан бажариш, жамоат тартиби ва ички интизомга амал қилиш зарурлиги таъкидланди.
🔺Шунингдек, амалиёт жараёнида талабалар ўзларининг касбий одоби, муомала ва кийиниш маданияти ҳамда жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларига юксак эътибор қаратишлари лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, амалиёт ҳисоботларини ўз вақтида тайёрлаш ва амалиёт кундалигини мунтазам юритиш тартиблари тушунтирилди.
🔺Тадбир якунида битирувчиларга амалиёт дафтарлари топширилиб, уларга масъулият ва интизом билан ишлаш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
✍️ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими
📱 @oliymahad – диний-маърифий канал!
📱 Youtube 📱 Facebook 📱 Instagram






