Озарбайжон чуқур демографик инқирозда
Январь-август ойларида Озарбайжонда туғилишлар 11,4 фоизга пасайиб 56,4 мингни ташкил этган. Мамлакатда ҳар бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони 2025 йилда 1,47 ни ташкил этган. Яъни мамлакатда туғилишлар аҳоли сонини сақлаш даражасидан сезиларли пасайиб улгурган. 2026 йилда эса фертиллик 1,33 гача тушиши кутилмоқда. Бу эса тахминан бутун дунё туғилишлар энг паст давлатлардан бири сифатида кўрсатиладиган Япония даражасига яқин дегани.
Яна бир қизиқ жиҳат мамлакатда аборт даражаси жудаям юқори. Хусусан, 2025 йилда 95,3 мингта аборт қайд этилган бўлиб, 2024 йилга нисбатан 21,9 фоизга, сўнгги 15 йилда эса 3,5 баробарга ошган.
2025 йилда абортлар сони билан туғилишлар сони тенг бўлган (бу йил абортлар сони ўтиб кетган ҳам бўлса керак). Таққослаш учун аҳолиси қарийб 4 баробар кўпроқ Ўзбекистонда 2023 йилда (негадир кейинги йилларда маълумотлар мавжуд эмас экан) 36,9 мингта аборт қайд этилган (ҳақиқий кўрсаткич расмий рақамлардан юқори бўлиши мумкин). Яъни аҳолиси қарийб 4 баробар кўпроқ бўлган мамлакатда абортлар сони қарийб 3 баробар камроқ. Қозоғистонда ҳам Озарбайжондан камроқ абортлар қайд этилган.
Озарбайжонда нима учун абортларнинг бунчалик юқорилиги ҳамда туғилишларнинг бунчалик пасайиб кетганлигининг сабаблари албатта қизиқ. Нима сабабдан мамлакат даромадлар даражаси унчалик юқори бўлишга улгурмасдан, туғилишлар бунчалик пасайиб кетди?. Озарбайжондаги ҳозирги туғилиш даражаси мусулмон давлатлари орасида Туркия ва Малайзиядан кейинги энг паст даража ҳисобланади. Жорий йилда эса Озарбайжон (Эрон билан биргаликда) туғилишлар энг паст мусулмон давлатлари бўлиши кутилмоқда.
@Mirkonomika
Post #3040
1.32K
- 👍 11
- 🤯 9
- ❤ 4
- 🔥 4
- 👎 1
- 🤔 1