Смартфон экранининг янгиланиш частотаси (60, 90, 120 Гц ) - бу нимани англатади?
Бугунги кунда трендга айланиб бораётган смартфонлар экранининг янгиланиш частотаси 90 Гц ва 120 Гц каби рақамлар нимани англатади ва бу яна маркетинг ҳийласи эмасми?
Экраннинг янгиланиш частотаси нима?
Смартфонингиз экранидаги маълумотлар статик (ҳаракатланмас) ҳолатда деб ўйлашингиз мумкин, аммо бундай эмас. Аслида, у узлуксиз ҳаракатда, яъни ҳар бир пиксел доимий равишда янгиланиб, процессор тақдим этган маълумотларни кўрсатади. Экрандаги маълумотлар жуда тез ва мунтазам равишда ўзгариб туради. Бу шунчалик тез содир бўладики, мияга тасвир статик ҳолатда бўлгандек туюлади. Тасвирнинг қанчалик тез ўзгариши ҳақида гап кетганда, янгиланиш частотаси назарда тутилади.
Экраннинг янгиланиш частотаси ундаги тасвир қанчалик тез ўзгаришини кўрсатади. Бу сизга ҳар бир секундда қанча ўзгаришлар содир бўлганлигини билдиради ва Герцда (Гц) ўлчанади. Янгиланиш частотаси 60 Гц бўлган экрандаги тасвир секундига 60 марта ўзгаради, 90 Гц тасвир секундига 90 марта ўзгаради ва 120 Гц бир хил вақт ичида 120 та такрорийликни англатади.
Фойдаланувчи учун экраннинг юқори янгиланиш частотасидан нима наф?
90 Гц ёки 120 Гц частотали янгиланиш тезлиги бўлган экранлардан фойдаланадиган смартфонлар ҳар қандай ҳаракатланувчи таркибни (контент) нисбатан қотмасдан кўрсатади.
Аммо, ижтимоий тармоқ иловалари, мессенжерлар ва кундалик ҳаётда кўпчилигимиз фойдаланадиган имкониятларда экранни янгилаш частотасини оширишдан ҳозирча наф йўқ. Албатта, тизим ва иловалар интерфейсида анимациялар бир оз тезлашиши мумкин, бироқ амалий фойдаси кам.
Экрандаги динамик график элементлар ҳақида гап кетганда, частотани оширишнинг аҳамияти ошади. Масалан, ўйинларда, 90 Гц ва 120 Гц дан фойдаланиш дарҳол сезилади. Энг асосийси эса, ўйин ҳам ушбу частоталарни қўллаб-қувватлаши керак.
Экраннинг янгиланиш частотасини ошириш нафақат ижобий, балки бир нечта салбий вазиятларни ҳам келтириб чиқаради. Экраннинг янгиланиш частотаси қанча юқори бўлса, батарея тезроқ сарфланишига (30% гача) ва процессорга ҳам юк кўпроқ бўлишига сабаб бўлади.
Шунинг учун, смартфонлар созламаларида экран янгиланиш частотасини ўзгартириш имконияти берилган.
Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумотлар:
• Смартфон ишлаб чиқарувчиларнинг маркетинг ҳийлалари
• Смартфон экранининг ўлчамлари (разрешение) нима ва қайси бирини танлаш керак?
#маълумот #экран
Post #867
7.99K