5 октябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Жазоир тоғ-кон саноати вазири Мурод Ҳанифий билан учрашди. Томонлар геология, тоғ-кон саноати ва минерал хомашёни қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокараларда геология ва геологик қидирув ишлари, тоғ-кон ва металлургия саноати, шунингдек, икки давлат ўртасида инвестициявий ва институционал ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар замонавий технологиялар трансферига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, конларнинг тузилишини аниқроқ баҳолаш, истиқболли участкаларни аниқлаш ва геологик қидирув ишлари самарадорлигини ошириш имконини берувчи замонавий геологик моделлаштириш усулларини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.
Жазоир томонига Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари билан тажриба алмашиш таклиф қилинди.
@Geointriga_uz

