Эски қувурлар янгиланмоқда, замонавий қурилмалар ўрнатилмоқда, ҳисоблагичлардаги алоқа тикланмоқда. Аммо бу ишлар аҳолига қандай натижа беради?
16 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги ташкил этган матбуот анжумани ва пресс-турда туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда энергия таъминотини яхшилаш ишлари тақдим этилди.
Газ таъминоти бўйича қандай ишлар қилинди?
Фарғона туманида 17 та замонавий газ тақсимлаш қурилмаси ўрнатилди, 283 та қурилма техник кўрикдан ўтказилди. 25,4 километр газ тармоғи синовдан ўтказилиб, тозаланди, 86,9 километр ер ости қувури текширилди.
Шунингдек, 2 234 та хонадонга регулятор ўрнатилди, 1 217 та электрон ҳисоблагичда алоқа тикланди. Қўшқатор газ қувурларини тартибга келтириш натижасида 201 минг куб метр газ тежалгани маълум қилинди.
Вилоятда эски тармоқлар муаммоси ҳам бор
Фарғона вилоятида 7 838 километр газ тармоғи ва 4 479 та газ тақсимлаш қурилмаси мавжуд. Ер ости қувурларининг 1 118,8 километри 20 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлатиб келинмоқда.
Қишда аварияларни тезкор бартараф этиш учун вилоятда 19 та махсус авария-тиклаш гуруҳи ташкил этилган.
71 та маҳалланинг энергетик паспорти шакллантирилган
Фарғона туманида «Янгийўл тажрибаси» асосида 71 та маҳалланинг энергетик паспорти тузилган. Бу муаммоларни аниқлаш ва уларни манзилли ҳал этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Кўрилган чоралар қишда газ босимининг барқарор бўлишига, электр узилишларининг камайишига ва носозликларнинг тезкор бартараф этилишига қанчалик таъсир қилиши ҳали олдинда.
Чунки аҳоли учун энг муҳими — бажарилган ишлар сони эмас, балки хонадонларда газ ва электр таъминотининг барқарорлигидир.
Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
