Танловга турмуш ўртоқ хўжайин: Тиббиётда таниш-билишчиликка йўл қўйилаётгани айтилмоқда
Effect.uz’га Тошкент тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўз турмуш ўртоғини туманлараро перинатал марказ раҳбари лавозимига тайинлаш учун ўтказилган танловда раислик қилгани ҳақида маълумотлар келиб тушди.
Айтилишича, Тошкент тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ҳусан Асадовнинг турмуш ўртоғи Гулнора Асадова Тошкент тумани туманлараро перинатал маркази раҳбарлигига ишга қабул қилинган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Гулнара Асадовани мазкур лавозимга қабул қилиш бўйича ARGOS платформаси орқали ўтказилган танлов ва суҳбат жараёнига Ҳусан Асадовнинг ўзи раислик қилгани айтилмоқда.
Юзага келган саволлар:
— Бошқа номзодлар билан бир қаторда ўз турмуш ўртоғи иштирок этган танловга раҳбарнинг ўзи раислик қилиши белгиланган тартибларга мос келадими?
— Танлов жараёнида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилган?
— Номзодларни баҳолаш жараёни ҳақиқатан ҳам холис ва мустақил ўтказилганми?
Айниқса, давлат хизматида очиқлик, шаффофлик ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда, мазкур ҳолатга расмий ойдинлик киритиш муҳим.
Агар танлов ва тайинлов амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ ўтказилган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли идоралар буни ҳужжатлар асосида жамоатчиликка тушунтириб бериши керак. Агар қонунбузилиш ёки манфаатлар тўқнашуви аниқланса, бунга ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.
Effect.uz мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва масъул идораларнинг расмий муносабатини кутади.
Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
Post #99315
1.12K

- 👍 3