Ҳукуматда янги лавозим: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари таълим ва илм-фан вазири бўлди
Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида ўзгаришлар амалга оширилди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозими жорий этилиб, янги котибият ташкил этилди.
Бу Президентнинг 2026 йил 9 октябрдаги ПФ–217-сон фармонида белгиланган.
Янги лавозим эгаси таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги вазирликлар, идоралар ҳамда ҳудудий раҳбарлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Унга Таълим ва илм-фан вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда улар тизимидаги тегишли ташкилотлар бириктирилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалиши, тазйиқ ҳамда зўравонликнинг олдини олиш масалалари бўйича, Ёшлар ишлари агентлиги эса ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишида ҳамкорлик қилади.
Вазирлар Маҳкамасида янги йўналиш бўйича 12 штат бирлигидан иборат котибият ҳам ташкил этилади. Унинг бешта штат бирлиги ҳукуматнинг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими ҳисобидан, қолган еттитаси эса тегишли вазирликлар штатларини мақбуллаштириш орқали шакллантирилади.
Фармонга мувофиқ, Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими Маданият ва спорт масалалари бўлими деб қайта номланади. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасидаги бошқарув ходимлари сони 243 нафар этиб белгиланди.
Ҳукуматга икки ҳафта муддатда янги лавозимнинг функционал вазифалари ва котибият фаолиятини тартибга солувчи низомни тасдиқлаш топширилди.
Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
Post #99258
2.81K

- 👎 1