СОЛИҚ ТЎЛАШ НАФАҚАНИ СОҚИТ ҚИЛАДИМИ
#солиқ
❓ 2265-САВОЛ: Оиламда онам, синглим ва турмуш ўртоғимни ишлаб овора бўлмасликлари учун «уйда ўтиринг, нафақангизни ўзим зиммамга оламан» деб айтган эдим. Бугун, ўзим ишлаб уларни таъминотини бажариб келмоқдаман.
Пенсия тизими ислоҳоти бўйича таклифларда ишловчи фуқаро ўзининг ишламайдиган оила аъзолари учун ижтимоий солиқ тўлаш ҳисобига келгусида пенсия (нафақа) таъминотига эга бўлиш таклифи берилмоқда.
Домла иш ҳақимдан онам, синглим ва турмуш ўртоғим учун ижтимоий солиқ тўласам, уларни нафақасини бўйнимга олган ваъадамни бажарган бўламанми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эркак кишига турмуш ўртоғи ишласа ҳам, ишламаса ҳам, унинг нафақаси вожиб бўлади. Агар ота вафот этган ёки меҳнатга лаёқатсиз ҳолатга келган бўлса, онанинг нафақаси барча фарзандлар зиммасига тушади. Сингилнинг нафақасига келсак, агар унинг эри вафот этган ёки турмушдан ажраган бўлса ҳамда отаси ҳам вафот этган бўлса, унинг нафақаси ака-укалар зиммасига тушади. Она ва сингилнинг ҳолатида юқорида айтилгандек бўлмаса, уларнинг нафақаси мазкур эркакка лозим бўлмайди.
Аммо, ваъда бергани учун ваъдасига вафо қилиш шариатимизда гўзал ахлоқлардан ҳисоблангани боис, унга амал қилиб, уларнинг нафақасини бериб турса, савобга эришади.
Улар учун ижтимоий солиқ тўлаш нафақани адо этишга кирмайди. Чунки кексалик нафақаси бу давлатнинг ҳар бир фуқаро кексайганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда унга кўрсатиладиган доимий ижтимоий ёрдами ва ғамхўрлиги ҳисобланади. Қайсидир тўловлар, бадаллар эвазига берилаётган маблағ эмас.
Улар учун ижтимоий солиқ тўлаб, келажакда уларнинг кўпроқ нафақа олишларига замин яратмоқчи бўлса, бу зиммадаги ёки ваъдадаги нафақага кирмайди, балки улар учун қилаётган яхшилиги, бошқача қилиб айтганда, уларнинг келажаги учун маблағ таъминлаш ҳисобланади. Улар учун ижтимоий солиқни тўлаб қўйиш билан зиммасидаги нафақани адо этиш бошқа-бошқа масалалардир.
Қолаверса, шариатда аёл кишининг келажакдаги нафақаси унинг атрофидаги яқинлари бўлган эркакларнинг зиммасига тушади.
Демак, айни вақтда аёли, онаси ва синглисига қилаётган нафақаси зиммасида бурчи ҳамда ваъдасининг вафоси бўлиб, ижтимоий солиқ тўлаб қўйиш нафақадан бошқа – беғараз ёрдами ҳисобланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
👍YouTube👍Instagram👍Facebook👍Ummalife
😎РАСМИЙ САҲИФА✅УЛАШИНГ🗣
Post #12856
30K