ҲОЖАТХОНАДА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИ ТОМОША ҚИЛИШ
❓ 2260-САВОЛ: Ҳожат чиқариш вақтида телефондан фойдаланиш, ундаги ижтимоий тармоққа кириб, хабарларни ўқиш, турли видеоларни кўриш мумкинми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Йўқ, бу мумкин эмас. Ҳожатхона ўз номи билан ҳожат чиқариладиган жой. Яъни ҳожати бажарилгач, у ердан чиқиладиган жой. Узоқ вақт дам олиб ёки бирор нима ўқиб ўтириладиган жой эмас. Қолаверса, у жойларни кўпинча жин ва шайтонлар маскан тутган бўлади.
Шунинг учун ҳам Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатхонага киришдан аввал: “Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубуси вал-хобаис – Эй Аллоҳ, Сендан эркак ва урғочи ифлос(шайтон)лардан паноҳ тилайман”, деганлар ва шуни биз умматга шундай қилишни таълим берганлар.
Мусулмон инсон ҳожатхонага киришда ушбу дуони ўқиб, Аллоҳ таолодан шайтонлар ёмонлигидан паноҳ сўрайди ва у ҳожати битгач, тезроқ чиқиш ҳаракатида бўлади.
Замонавий тиббиётда ҳам ҳожатхонада узоқ вақт ўтириш бавосир (геморрой) касалигини келтириб чиқариши, тана ва кийимларга турли бактериялар ўрнашиб қолиши исботланган.
Демак, ҳожатхонага кирган инсон бошқа ишлар билан, хусусан, телефон кўриш, ижтимоий тармоқларга кириш ёки видеолар кўриш билан шуғулланиши шаръан ҳам, тиббий жиҳатдан ҳам жоиз эмас.
Ҳожатхонадан чиқишда эса: “Алҳамду лиллаҳиллазий азҳаба аннил аза ва ъафаний – Мендан озор берувчи нарсани кетказиб, мени офиятда қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”, дейилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
👍YouTube👍Instagram👍Facebook👍Ummalife
😎РАСМИЙ САҲИФА✅УЛАШИНГ🗣
Post #12831
66.5K