ОЛОВДА ПИШГАН ОВҚАТ ВА ИЧИМЛИКЛАРНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ ТАҲОРАТНИ БУЗАДИМИ?
#таҳорат
❓ 2262-САВОЛ: Ҳадисда оловда пишган нарсаларни еса ёки ичса таҳорат бузилади деб ўқидим. Шу ҳадисни қандай тушунамиз?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Оловда пишган егулик ва ичимликларни ейиш ва ичиш билан таҳорат синмайди.
Тўғри, таҳорат синиши ҳақида баъзи ҳадисларда келган. Аммо фуқаҳолар бу мавзудаги барча ҳадисларни ўрганиб, юқоридаги ҳадисларнинг ҳукми бекор бўлган ёки улардаги таҳоратдан луғавий таҳорат, яъни қўл ва оғизни ювиш назарда тутилган дейишади. Ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги амаллари оловда пишган нарсани егандан кейин таҳорат қилмаслик бўлган.
Ундан ташқари қуйидаги ҳадислар ҳам таҳорат синмаслигига далолат қилади:
“Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг елка гўштини едилар, сўнг намоз ўқидилар ва таҳорат қилмадилар” (Имом Бухорий ривояти).
“Жаъфар бин Амр бин Умая Замрий ўз отасидан ривоят қилиб айтади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, у зот қўйнинг елка гўштини (пичоқ билан) кесиб еяётган эдилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чақирилдилар, шунда ўринларидан турдилар, пичоқни қўйдилар ва намоз ўқидилар, лекин таҳорат қилмадилар" (Имом Муслим ривояти).
Демак, оловда пишган нарсаларни ейиш ва ичиш туфайли таҳорат бузилмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
👍YouTube👍Instagram👍Facebook👍Ummalife
😎РАСМИЙ САҲИФА✅УЛАШИНГ🗣
Post #12840
25.5K