БИРОВНИНГ ГУНОҲИНИ БЎЙИНГА ОЛИШ
#гуноҳ
❓ 2236-САВОЛ: Айрим давраларда ўртоқлар бир-бирига “фалон ишни қилавер, гуноҳи менинг бўйнимга” ёки “мен жавоб бераман” деган гаплар айтиб, ўзлари қилаётган гуноҳга ундашади. Бундай дейиш оғир гуноҳ бўлмайдими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта, бундай дейиш ўта хатарли ҳисобланади. Аввало шуни айтиш керакки, бировнинг гапига учиб гуноҳ иш қилган одам жавобгарликдан қутулиб қолмайди, ҳар ким қилган иши учун ўзи жавоб беради. “Ўзим жавоб бераман, гуноҳи менинг бўйнимга” деяпти-ю, қилаверай-чи, ўзи жавоб бераверади-да, деган эътиқодда гуноҳга қўл урса, барибир гуноҳкор бўлади. Уни ўша ишга тарғиб қилган томон эса икки ҳисса гуноҳкор бўлади: бири ўша ишни қилгани учун, иккинчиси ўзгаларни ундагани учун.
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида шундай марҳамат қилади:
وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا اتَّبِعُوا سَبِيلَنَا وَلْنَحْمِلْ خَطَايَاكُمْ وَمَا هُم بِحَامِلِينَ مِنْ خَطَايَاهُم مِّن شَيْءٍ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ ﴿١٢﴾ وَلَيَحْمِلُنَّ أَثْقَالَهُمْ وَأَثْقَالًا مَّعَ أَثْقَالِهِمْ وَلَيُسْأَلُنَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَمَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ ﴿١٣﴾
“Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: “Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик”, дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтаргувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир. Албатта, улар ўз юк(гуноҳ)ларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат кунида уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар (12-13-оятлар).
Демак, мўмин-мусулмон инсон, аввало ўзи гуноҳдан тийилиши ҳамда бошқаларни гуноҳга чақириш эмас, балки бу йўлдан қайтариши лозим. Акс ҳолда икки баробар гуноҳкор бўлади. Валлоҳи аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
👍YouTube 👍Instagram 👍Facebook 👍Ummalife
😎 РАСМИЙ САҲИФА ✅ УЛАШИНГ🗣
Post #12722
98.4K