Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида янги тиббиёт академияси, саноат корхоналари ва интенсив боғлар фаолияти билан танишилди.
Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ташрифнинг асосий воқеаси энергетика, саноат, транспорт, тиббиёт ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги йирик лойиҳаларга старт берилгани бўлганини таъкидлади:
«Қорақалпоғистонга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ортиб, янги салмоқли лойиҳалар кўпаймоқда. Бу — мамлакатимизга бўлган юксак ишонч ҳамда тадбиркорлик учун яратилаётган қулай шарт-шароитларнинг амалий тасдиғидир.
Биз йўлимизда қатъий давом этамиз: сармоялар оқимини янада кучайтириш, халқаро ҳамкорлар сафини кенгайтириш ва кўлами бундан-да улкан янги лойиҳаларни ишга тушириш бош мақсадимиз бўлиб қолади»
Расмий маълумотларга кўра, ҳудудда $592 млнлик 11 та лойиҳа ишга туширилди ва хорижий ҳамкорлар иштирокидаги $7 млрдлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Уларнинг ҳисобига 8 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.





