Мавлид танловидан
Расулулоҳни соғиниб...
Қаранг, ё Расулуллоҳ, Мадинада яна тонглар отди. Азон садолари олис-олислардан қалбимга эшитилмоқда. Ё Расулуллоҳ, сиз Билолингизга азонни ўргатган кунингиздан бошлаб Мадина бағрида неча минг марталаб азон янгради. Аммо... Аммо мен шу азон садоларини қачон Тоба бағрида туриб эшитаркинман?
Оёқларин ўпган эшик пойида
Пўстини бўлсайдим Набийнинг.
Фироқдан боладай инграган
Устуни бўлсайдим Набийнинг.
Ҳар кеча кўзларин тавоф-ла ўпган
Сурмаси бўлсайдим Набийнинг.
Меҳмонга ўзлари ечиб тўшаган
Ҳирқаси бўлсайдим Набийнинг.
Ё Расулуллоҳ, ансорийларга жуда ҳавас қиламан, уларни сиз каби севсам керак. Негаки улар сизнинг оғриқли қалбинггизга ҳузур бахш этдилар. Сиз "Ҳаётим сизники, мамотим сизники", дея атаган ансорийларга чексиз муҳаббатларимиз бор.
Ҳар кеча ухлашдан олдин хаёл сураман, мен ҳам сиз томон борармиканман, Равзангизни зиёрат этармиканман, ҳидларингизга тўярмиканман, дея энтикаман... Агар бора олсам, сизга ва ансору муҳожирларга, аҳли байтингизу сизга жон фидо этганларга севги изҳор қилиш ниятим бор.
Баъзида кечалари кўзимни самога тикаман. Юлдузлар аралаш учиб кетаётган самолётларга кўзим тушади. Ўшанда шундай орзулар қиламан: "Қани энди, сиз томон учаётганлар ичида мен ҳам бўлсам..."
Муборак қўллари ушлаган
Косаси бўлсайдим Набийнинг.
Юрганда қўлидан тушмаган
Асоси бўлсайдим Набийнинг.
Жимжилоғин қучган муҳрли кумуш
Узуги бўлсайдим Набийнинг.
Қуюқ киприкларин остидан боққан
Сузуги бўлсайдим Набийнинг.
Хушбўй сочларини минг бор тараган
Тароғи бўлсайдим Набийнинг.
Бадрда виқорғла илк ҳилпираган
Байроғи бўлсайдим Набийнинг.
Куз келиб, ҳаво совий бошласа, қушларнинг гала-гала бўлиб, иссиқ ўлкаларга учиб кетаётганини кўраман. Яна хаёл орзулар оғушига чўкади: "Қани энди бир қушга айланиб қолсаму дунёларнинг энг тафти қайноқ жойи Мадина томон учсам..."
Тонг саҳар! Майин ва салқин шабада оҳистагина юзимни силаб ўтади. Яна дайди хаёллар шамолларга сўз қотади: "Йўлинггиз Мадинага тушса, саломимни Ҳабибимга етказинглааааар"
Дурдек тишларини тавоф этгани
Хурмоси бўлсайдим Набийнинг.
Ҳажжатул вадода миниб юргани
Касвоси бўлсайдим Набийнинг.
Кеча янги ҳилолни кўрдим. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг "Ой тўлган кечада Росулуллоҳни кўрдим. Бир ойга, бир у зотга қарадим. У зот ойдан ҳам гўзал эдилар" деган гаплари эсимга тушди. Ўша пайтда саҳобалар қандай бахтли бўлишган экана?!
Ҳилолдек юзларин акс этган
Кўзгуси бўлсайдим Набийнинг.
Фирдавсда ўзлари нақд этган
Қўшниси бўлсайдим Набийнинг.
Аллоҳумма солли аъла саййидина Муҳаммад.
Умму Фотима (Одинахон), 33 ёш
Наманган вилояти
#Tanlov
@BintuSodiq
Post #24783
69.3K

- ❤ 1.2K
- 😢 522
- 😭 183
- 👍 90
- 👏 54
- ❤🔥 41
- 🔥 30
- 🥰 22
- 🤗 9
- 💋 7
- ⚡ 5